2025-йилда аудиокитобларни доимий тарзда тинглаш одатини шакллантиришни истайсизми? Жаҳон адабиёти дурдоналарини ҳар куни тинглаш ва китоб якунида овозли чатда биргаликда муҳокама этишничи?
Айтишларича, янги одат шакллантириш учун бир ишни 21 кун давомида қилиш кифоя экан.
“Атом одатлар” китобида ҳам шу концепция таъкидланади. Дейлик, ваҳимали туюлган катта китобни бирваракайига ўқиш ёки тинглаш учун диққатни жамлаш қийин бўлиши мумкин, лекин кунига ҳеч бўлмаса бир бет, ҳатто икки дақиқа бўлса-да китоб ўқиш/тинглашдан бошланса, ва энг муҳими, буни узлуксиз такрорласа, одат аста ривожланади, ва ундан кейин ҳажмни ошириб бориш керак. Ўзим ҳам эрталаб ишга кетишдан аввал аниқ бир вақтда китоб ўқиш ёки таржима билан шуғулланиш одатини шакллантиришни доим истаганман. Шу мақсадда, бугундан
“Жонли аудиокитоб” лойиҳасини тажриба сифатида бошладим ва энг севган асарим бўлмиш Михаил Булгаковнинг
“Уста ва Маргарита” романининг 1-бобини жонли эфирда ўқидим. Барча тинглаганларга раҳмат
😊
Файлда бугунги эфирда ёзилган 1-боб аудиоси. Бошидаги ҳаяжон ва хатолар ҳар куни ўқиш давомида йўқолиб боради, аудиолар келгусида монтаж қилиниб, аудиокитоб шаклига келтирилади. Аудиокитоблар шу тарзда қандай яратилишини кузатишингиз мумкин.
“Уста ва Маргарита” ҳақида баъзан “тушунмадим, чалкаш экан” деган фикрни айтишади. Бу табиий, чунки унда турфа давр воқеалари акс этади. Қаҳрамонларнинг баъзилари ўйлаб топилган, айримлари эса мураккаб тарихий шахслар. Шу сабабли, бобларни изоҳлаб бораман:
1-бобда афсонавий Воланд билан илк бора учрашамиз. У ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталарида Москвада Худо борлигини рад этувчи атеист адиблар билан баҳслашади. Воқеалар кутилмаган ва сирли тарзда ривожланади.
Эртанги
2-бобда 2000 йил ортга қайтиб, милоддан аввалги воқеаларга назар ташлаймиз. Булгаков зиддиятли, Исо Масиҳ тақдирида фожиавий рол ўйнаган, асрлар давомида нафратга учраган баҳсли персонаж, Римнинг Иудеядаги бошқарувчи прокуратори Понтий Пилатни таништиради.
Фикр ва ғояларингизни
YouTube каналимда қолдиришингиз мумкин. Эртага жонли эфирда қайта учрашгунча!
👏
👉@madnifique👈