Жаъфар Муҳаммад Термизий
ЮРАК БАЛЛАДАСИ
(Нарзулла Жўраев монологи)
Нега бунча хуфтонсан, хуфтон,
Саҳарларни уйғотган Юрак?
Менга ўзлик бахшида этиб,
Ўзлигини йўқотган Юрак?
Юрак, Юрак, бечора Юрак,
Юрак, Юрак, дилпора Юрак...
Эслайсанми, болалигимда,
Сени ўзим деб билганимни?
Қулоғимга шивирлаб айтган
Сўзни сўзим деб билганимни?
Юрак, Юрак, афсона Юрак,
Машраб каби девона Юрак...
Сен мен билан бирга туғилдинг,
Мен сен билан бирга яшадим.
Мен сен билан икки асрлик
Умримни ҳам мана, ошадим.
Юрак, Юрак, эҳ, содда Юрак,
Соддадан ҳам зиёда Юрак...
Эсингдами, унинг учун деб,
Мен эмас, сен олма терганинг?
Олмазорда энтикиб менга
Муҳаббатдан мужда берганинг?
Юрак, Юрак, мастона Юрак,
Муҳаббатга парвона Юрак...
Сен мени деб яшадинг доим,
Мен сени деб яшадим мутлақ.
Талашганмиз эгизаклардай,
Гоҳи сен ҳақ, гоҳида мен ҳақ.
Юрак, Юрак, тўпори Юрак,
Гуп-гуп, гуп-гуп! Кўпкори Юрак!
Сўнг... бир куни исён айладинг,
Жаннатимдан айирдинг мени.
Ғуруримни топтадинг ерга,
Қанотимни қайирдинг мени.
Юрак, Юрак, исёнкор Юрак,
Юрак, Юрак, дилозор Юрак...
Бундан буён нетай, аҳволим,
Сен билан ҳам, сенсиз ҳам ёмон.
Бир минг уч юз йил ўтди, аммо
Бўлолмадим сендек мусулмон.
Юрак, Юрак, кечиргин, Юрак,
Мени мендан кўчиргин, Юрак!
Энди нетай, сенсиз ўзимдан
Бир нафас ҳам кўнглим тўлмаса!
Дунёсидан безорман, агар,
Унда сендек юрак бўлмаса!
Юрак, Юрак, азизам, Юрак,
Шеъриятдек нафисам, Юрак!
Мен кимман бу Сенсизликларда?
Муршидидан айрилган мурид.
Мен кимман бу тенгсизликларда?
Алломаси ўлган Мотурид...
Юрак, Юрак, султоним Юрак,
Кўнгилдаги армоним Юрак!
Нега дунё бунчалар номард,
Нега дунё бунчалар фосиқ?!
Нега, нега, нега, эй Юрак,
Тўрт томонда фосиқ, мунофиқ?!
Юрак, Юрак, серзарда Юрак,
Ғам-аламга саркарда Юрак!
На инсонсан, на бир фаришта,
Миллатинг ҳам билмадим, надир?
На мусулмон, на насоросан,
Қайси тилда сўзлайсан, гапир?
Юрак, Юрак, безабон Юрак,
Аммо буюк сухандон Юрак...
Эътиқодинг шунчалар кўпми,
Сиғмагансан бирон бир динга.
Наҳот ҳажминг шунчалар йирик,
Сиғмагансан рўйи заминга.
Юрак, Юрак, бепоён Юрак,
Кайҳонлардан юзчандон Юрак...
Нега бунча саховатлисан,
Қорни оч-у кўзи тўқ Юрак!
Ҳатто менинг олдимда ҳам гоҳ
Бир чақалик қадри йўқ Юрак!
Юрак, Юрак, қаландар Юрак,
Ҳақ йўлида дарбадар Юрак!
Бир оғиз сўз гоҳи сенга кўп,
Бир оғиз сўз гоҳи сенга оз.
Бунча сирру асроринг бисёр,
Эй чексизлик, эй буюк ҳамроз!
Юрак, Юрак, доим тоқ Юрак,
Ширин сўзга зор, муштоқ Юрак!
Юрак, Юрак, Юрак, о, Юрак,
Ҳасратлари бир дунё Юрак!
Тошкент, 2015 йил 16 ноябр
------------------------
@Jafar_Muhammad_Termizi