дегандек, бошини қимирлатди ва: Зотан, биз ҳам қарийб Маккага келдик. Сўнгра буюрди: — Чуқур қазиб, ўликни кўминглар! Абраҳа филбон Асвад ибн Мақсудни чақириб, унга бир неча суворий берди ва Маккага жўнатди. Асвад Макка томонга бориб, у атрофдаги туяларни ҳайдаб келтирди. Бу туялар орасида Макка раиси Абдулмутталибнинг икки юз туяси ҳам бор эди.
* * * Макка халқи Муғаммисда тўхтаган катта лашкарнинг даҳшатидан ўзини йўқотиб кўйди. Шаҳар катталари Абдулмутталиб раислигида «Доруннадва» деб аталадиган жойда мажлисларини ўтказдилар. Бу қадар катта лашкарга қарши урушмоқ ўлим билан баробардир, дедилар. Абдулмутталиб йиғилган маълумотларни мажлис аъзоларига етказди. Мажлис аъзолари лашкар қўмондони билан учрашишга қарор қилдилар. Шу орада «Доруннадва»га Абраҳанинг элчиси келтирилди. — Макка раиси ким, мен у билан кўришмоқчиман,— деди элчи. Йиғилганлар Абдулмутталибга қарадилар. Элчи унга: Яман ҳукмдори Абраҳа сен билан кўришмоқчи, — деди. — Мақсади нима? — Ҳукмдор: «Мен сизлар билан уруш қилгани келганим йўқ. Фақатгина шу Байтни бузмоқ учун келдим. Агар бизга қарши чиқмасаларингиз, мен ҳам қонларингизни тўкмайман», деяптилар. Абдулмутталиб қарорни айтди: —Бизнинг ҳам сизлар билан жанг қилиш ниятимиз йўқ. Кучимиз ҳам етмайди. Урушиш учун сабаб ҳам йўқ. — Ундай бўлса, ҳукмдорим сени кутмокда. — Қани, бошла. Абдулмутталиб ёнига икки ўғлини олиб, ҳабаш лашкари томон йўл олди. Абдулмутталиб Абраҳанинг чодирига кирди. Абраҳа умрида бундай одамни кўрмаган эди: Абдулмутталиб узун бўйли, ғоят хушфеъл, юзидан нур ёғилиб турарди. Подшоҳ бирдан юрагининг тез ура бошлаганини ҳис этди. Бу одамга оддий кишилар билан гаплашгандек муомала қила олмасди. Тахтидан тушди. Ерга ўтирди. Абдулмутталибни ёнига ўтқазди. Таржимон воситасида сўради: — Мендан нима истайсан? — Одамларинг олиб кетган икки юз туям қайтариб берилишини истайман. Абраҳа бу жавобдан ҳайрон қолди. Яна бир бор Абдулмутталибга бошданоёқ разм солди. Бирор камчилик тополмади. Эшитган сўзлари 6у инсоннинг сўзлари эканлигига ишонмади. Ўртани сукунат қоплади. Абраҳа, боши эгик, ўйланиб қолди. Кейин таржимонга бир нарсалар дея пичирлади. Таржимон Абдулмутталибга: — Сени кўриб ҳайбатингдан титраб кетдим. Нақадар виқорли, улуғ одамнинг рўпарасида турганимни тушундим. Аммо сўзларингни эшитиб, фикрим ўзгарди. Бир неча туянгни қайтариб беришимни сўрадинг. Ҳолбуки, мен сен ва ота-боболаринг муқаддас деб келган Байтни бузиш учун келдим. Сен бу Байтни бузмаслигимни сўрайсан, деб ўйлаган эдим. Абдулмутталиб ғоят сокинлик ила: — Мен туяларимнинг эгасиман. Байтнинг эса, эгаси бор, у ўзи кўриқлаб олади, — дея жавоб қилди. Абраха бу сўздан ҳайратланди: — Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтаролмайди. Сен ҳам, Байтнинг соҳиби ҳам... Сўнгра ёнидагиларга: — Бу одамга туяларини қайтариб бсринглар, — деди. Абдулмутталиб чодирдан чиқиб кетди. Абраҳа ҳайратлар ичида қолди. Бу одамнинг сўзлари ҳеч ҳам оддий сўзлар эмас эди. Ҳатто Абдулмутталиб бу сафар кўзига яна ҳам ҳайбатлироқ кўринди. Унинг назарида, бу одамни менсимасликнинг сира иложи йўқ; уни менсимасликка ҳаракат қилганларнинг обрўйи тўкилар эди. Абдулмутталибнинг келишидан кўра кетиши улуғвор бўлди. Ҳақиқатан ҳам бу дашт одами тоғда бўрию қушларни озуқлантиради деганлари рост экан, деб таъсирланди Абраҳа. Абраҳа унга « Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтара олмайди», дер экан, Абдулмутталибнинг сўзлари уйғотган таҳликани билдирмасликка ҳаракат қилди. Катта лашкари ва баҳайбат фили бор эди унинг. Буюк Арабистон юртида унга қарши чиқиб: «Менман сен билан урушадиган!» дейишга журъат этадиган бир мард топилмас эди. Бу ўйлар туфайли ғазаби келган Абраҳа лашкарига берган истироҳат муддатини қисқартириб, эрта тонгданоқ Маккага юришни амр қилди.
Абдулмутталиб туяларини етаклаб Маккага кириб борди. Макка халқига Абраҳанинг мисли кўрилмаган лашкари ҳақида маълумот берди ва ҳаммага шаҳарни тарк этиб, тоғларга чиқиб кетишни буюрди. Сўнгра Қурайшнинг кайвонилари билан бирга Каъбанинг ёнига келиб, Байт эшигининг ҳалқасини тутди. Кўзларидан оқаётган ёшлар соқолидан тушиб, кўксига томчилар эди.