* * *
Бунчалар ғаш зариф дил
Таъбир излаб юрибман.
Оҳорсиз ва ғарибдир
Таъмир излаб юрибман.
Бир ёнимда нон талаш,
Бир ёнимда шон талаш.
Менинг лабим қонталаш
Сабр излаб юрибман.
Ортимга боқсам улус
Қалқиб турар, қаранг, — дор.
Наҳотки дор тикканга
Олқиш урдим жарангдор.
Бўғзимда қотиб сўзим,
Ер чизиб икки кўзим
Суратин солдим мана
Дунёнинг ҳур ва рангдор.
Ёмоқ босган тўнимнинг
Қасмоғига шеър сано.
Ғул тутган қўлга наҳот
Гул тутган деб берса ном.
Босиб келар ҳавотир.
Ҳали чиқмай саводи
Бир болам бунча хомуш,
Бири бунча серсалом.
Оғам куйиб қўш тортар
Иним йиғлаб тугар мушт.
Волидам қизил жанггоҳ
Тўлмаганча туғармиш.
Ўтрукмиди бу алқов?
Тушларим алғов-далғов:
Қучоқласам пиримни
Қўлимга қон юқармиш.
Не кўргулик, бир замон
Чопонини чап кийди.
Икки миллат ойдини
Бир-бирига сапчийди.
Сўнг айланиб чархи дун
Ғийбат бўлар нархи дун.
Шоирлар ҳам бир-бирин
Сотгани чин гап, дейди.
Билолмайман, тентираб
Надир излаб юрибман.
Балки ўзимга қиймат
Қадр излаб юрибман.
Қаердадир ютиб қон
Мурғаклар топшириб жон
Паноҳ топар ўлимдан.
Ҳеч не келмай қўлимдан
Ҳақдан фақат биргина
Амр излаб юрибман.
Мана ўзим учун шарҳ
Керак бўлса гар мисол.
Ўйларим беҳаёдир
Қорни очиқ ғар мисол.
Мен ўзимдан қочганча
Ахтарарман ўзимни.
Топсам юзим уётлиғ
Топмасам ҳам шармисор.
Билмайман бу йўлларда
Надир излаб юрибман.
Очилмаган гуллардан
Абр излаб юрибман.
Ҳайқириғим шеъримдир
Жимлигим ҳам ёзганим.
Айтолмаган сўзимга
Қабр излаб юрибман.
Ислом Али
https://t.center/IslomAli_shoir