#Бобосўз_изидан
ҚЎШНИ ҚУШ
Қўни-қўшни – илмий манбаларда изоҳланишича, бир-бири билан ёнма-ён яшовчиларга нисбатан қўлланадиган бу сўзнинг туб илдизи
қўниш маъносидаги
қўн феълидир.
Қўшни сўзи ҳам
қўн феълидан ҳосил бўлган, унинг дастлабки шакли
қўнши бўлган. Демак,
қўшни сўзи “қўнган” деган маънони билдиради.
Дарҳақиқат, сўз олами ғаройиб-а... Қўшним менинг ёнимга келиб қушдай қўнган. У уйимнинг ёнига келиб қўнгани ва шу ердан макон топгани учун
қўшни бўлган. Одамзод сўзларни яратаётганда аввало табиатни кузатган, ўсимликлардан, дарахтлардан, қушлар ва ҳайвонлардан рамзлар излаган.
Қўшни сўзига “қўша”, “қўшилган” маъносидаги
қўш сўзи асос бўлган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор. Бунда ҳам мантиқ сезилади. Лекин
қўшни сўзига қўшилиб келаётган
қўни сўзи (қўни-қўшни) “қўниш” маъносида тўғри. Чунки эски манбалардан “Китоб ат туҳфа”(XIV аср)да
қўшни сўзи
қўнш шаклида берилган. Навоийда эса, “қўңши” шаклида келган. Маҳмуд Кошғарий “уруғ-аймоқ"нинг
қонум, қўшнининг эса,
қонши, кирдӓш ва
қунат сўзлари билан ифодаланишини айтиб ўтади. Ол мӭнiң қунатїм – У менинг қўшним. Ҳозирги ўғуз ва қипчоқ тиллари гуруҳига оид қардош тилларда бу сўз
коншы шаклида қўлланади. Қўншы сўзи метатеза ҳодисасига учраб–қўшнига айланган.
Халқимизда “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Қўшнинг тинч, сен тинч”, “Бир қизга етти қўшни ота-она”, “”Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четида ўзинг ўтирасан” каби кўплаб мақоллар бор.
✍️ Эшқобил ШУКУР, "Бобосўз изидан" китобидан.
@Eshqobil_Shukur_ijodi