View in Telegram
​​#карвон_қўнғироғи Танишларимиздан бирининг уйида жаноза бўлди. 40 ёшлардаги қизи вафот этибди. Пешинга чиқаришди. Тобутни уйдан қабристонгача катта йўлдан олиб боришга тўғри келди. Шаҳарнинг гавжум кўчаси бўлгани учун машина кўп эди. Йўлнинг бир четида одамлар елкасидаги тобут лопиллаб борарди. Кўчанинг очиқ қисмидан эса машиналар тинимсиз ўтиб турарди. Шунда мен бир ҳолдан ҳайратландим. Издиҳом ёнидан ўтаётган машиналар бироз олдинга ўтиб чеккалаб тўхташар ва улардан тушган одамлар издиҳомни кутиб туришар, сўнг қаторга қўшилиб тобутни елкасида тутиб, бироз юришар, кейин секин-секин орқада қолишиб, яна машиналарига ўтиришиб жўнаб кетишарди. Бу йўловчилар қайси уйда кимнинг вафот этганиниям, нима бўлганиниям билишмайди, лекин марҳумнинг ҳурматини, инсоннинг ҳурматини қилишади.    Бир ёзда Жиззахнинг Баландчақир деган қишлоғида бўлдим. Сойликлар орасида ястаниб ётган жуда катта қишлоқ. Қишлоқда биров вафот этибди. Қарангки, марҳумга қариндош бўлган, бўлмаган одамлар, ҳатто етти ёт бегоналар ҳам ҳаммаси эгнига тўн олиб, дўппи кийиб, белини маҳкам боғлаб хизматга шай туришибди. Одатда, бундай пайтда марҳумнинг энг яқин қариндошлари шундай кийинадилар. Баландчақирда эса, жанозага борган ҳамма шундай кийинади ва дунёдан кетаётган қишлоқдошига сидқидилдан ҳурмат кўрсатади. Уни қариндошидай, жигаридай, оғасидай сўнгги йўлга кузатишади. Ҳолбуки, дунёнинг мегаполис шаҳарларида қўшнисининг жанозасига чиқмайдиганлар ҳам бор. “Европа виждони” деб тан олинган Альбер Камю онасининг вафотига ҳам бефарқ қараган одам ҳақида бекорга ёзмаган.    Бизда “Биз” деган тушунчанинг олдида ҳам, ортида ҳам эл туради. Эл деган куч азалдан бор ва у кўп нарсалардан бизни ҳимоя қилиб келган. Ҳозирги пайтда дунёга таҳдид солиб турган ёлғизлик деб аталмиш иллат ҳам айни шу тушунча ҳаракатда бўлмаган жойларда тез урчиб кетди. Бир сўз билан айтганда, элсизлик бу йўлсизликдир, ёлғизликдир... ✍️ Эшқобил ШУКУР,  "Элсизлик, бу йўлсизликдир" мақоласидан. “XXI АСР” газетасининг 2020 йил, 27-февраль сонидан олинди. @Eshqobil_Shukur_ijodi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily