ШАЙТОН БИЛАН ШАРТНОМА
– Бу ким бўлди, тинмай, басма-бас
Фитна излаб дунёни бузган?
– У фасоддан урчиган бир кас,
Шайтон билан шартнома тузган.
– Бу ким бўлди, ўттизга етмай,
Тупроғидан, элидан безган?
– Уми, ҳалол никоҳни кутмай,
Шайтон билан шартнома тузган.
– Бу ким бўлди, боғ-роғлар қолиб,
Кул излаган, вайрона кезган?
– У уккига айланиб олиб,
Шайтон билан шартнома тузган.
– Буниси ким содда дилларни
Авраб сотган ва янчиб эзган?
– Унисининг булғанч қўллари
Шайтон билан шартнома тузган.
– Бу ким бўлди, етимлар нонин
Деворига ғишт қилиб тизган?
– У ичмакка фақирлар қонин,
Шайтон билан шартнома тузган.
“Бу касларга жазо бормидир?”
Сўрасангиз, ҳакамлар ночор
Дер: ”Начора, уларнинг ахир
Қўлларида шартномаси бор!”
Ерни бузар, тарқатарлар ғам,
Халоскордай юрарлар кибор.
Пеш қилишга БМТга ҳам
Қўлларида шартномаси бор.
07.08.24.
✍️ Эшқобил ШУКУР
@Eshqobil_Shukur_ijodi