#Бобосўз_изидан
ЭРТАКНИНГ ЎТМИШИ
Болаликдан энг кўп дуч келган сўзимиз
эртак бўлади. Хўш,
эртак сўзининг туб илдизи қандай маънони англатган? Қадимги тилимизда эрт деган сўз бўлиб, бу сўз “ўтмиш”, “кечмиш” деган мазмунни билдирган. Шундан ўтмиш ҳақида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ҳикоя маъносини англатган
эртак сўзи келиб чиққан. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да бу сўзнинг пайдо бўлиши шу тариқа изоҳланган.
Эрта сўзи “аввал” маъносида ҳам тилимизда қўлланади. Масалан, эрта баҳор деганда баҳорнинг боши, аввали тушунилади. Эртакларимиз ҳам кўпинча “аввал ўтган замонда” деб бошланади.
Маҳмуд Кошғарий луғатида бу ҳақда аниқ бир гап айтилмаган. Фақат эртакка тузилиш жиҳатдан жуда яқин бўлган эрта сўзига “эрта тонг”, эртиш сўзига тортишиш, эртик сўзига “юрилган йўл” деб изоҳ берилган. Кошғарийда “ӧткüнч” (ўткунч) сўзи ҳикоя, эртак маъносида келган: “ӧткüнч ӧткüнди” деган гап “ҳикоя, эртак айтди” деган маънода қўлланган.Кўриниб турибдики, бу ерда ҳам “ӧткüнч” (ўткунч) сўзи ўтган мазмунида келаяпти.
Г.Вамбери
эртак сўзининг туб илдизини эрта сўзига тақайди.
Хуллас, эрта сўзи “эрталаб маъносидан ташқари “олдин, илк пайтлар, бўлиб ўтган” маъноларини ҳам англатади. Масалан, “Экинни эрта эккан, ҳосилини эрта ўрар.”
✍ Эшқобил ШУКУР, «Бобосўз изидан» китобидан.
@Eshqobil_Shukur_ijodi