Бугун самарқандлик дўстим Санжарнинг туғилган куни! У шоир. Жўмард йигит. Сўзи ҳам, ўзи ҳам янада баланд, юраги бутун бўлсин!
Соя ҳақида ёзиқ(Соялиларга)
Жонга ором берди ёлғизлик,
Зўрлаб сўриб олингач теграм.
Ёлғизоёқ йўлакда танҳо
Кездим,
Ботдим қорамтир терга.
Ўз эркидан масрур ва сархуш,
Соя келар қадамим ўлчаб.
Кулфат етди, қоқилдим,
бир қуш,
Чир айланди қузғунга ўхшаб.
Сир кавшамай қўйди шум ғорлар,
Шамол дея жон берди япроқ.
Жасад ечиб олинган дордан
Қулаб тушди заминга сиртмоқ.
Сукунатни бузди қарғалар,
Чақмоқ силаб ўтди танимни.
Эслолмадим соясизлардан,
Қай томон йўл сўраганимни.
Сўнг кузатдим баргнинг қулашин,
Қадам учун топгунча бардош.
Теваракка ёғду улашиб
Миллион йилга кексайди қуёш.
Ер чайқалди, ҳамда қаридан,
Лава чиқди, борлиқ қайт қилгач,
Ҳамма бармоқ ниқтади менга
Соя билан юрганим билгач.
Сўнг харсангга боғлашди мени,
Сувга отди,
Тамом,
Ниҳоя.
Ташқарида кўзёшин ичиб
Соя қолди фақат бир соя.
2
Сўнг курашдим вужудим ёниб,
Қалқиб чиқди, заминга сўхтам.
Майсалар қон симирди қониб,
Товонимга санчилган ўқдан.
сўнг чўзилдим, қиличим шайлаб,
тўзим сўраб давомли жангга.
Алғов-далғов ўтмишим билан
Бошим қўйдим дилхун харсангга.
Тарс ёрилиб кетди, тош қурғур,
Тарс ёрилган кўзгу сингари.
Аралашиб кетди тўрт унсур-
Олов,
Тупроқ,
Ҳаво,
Сув,
бари.
Ва тиклашни бошладим қайта
Олов билан сув қўшдим бироз.
Ҳамма нарса етди харсангга
Фақат ҳаво етмади холос.
3
Тун қичқирди, олис уфқидан,
Бир-бир босиб келди оёқда.
Ва асаблар тортилди қилдай,
Ғижжак чалди битта туёқда.
Сўнгра чиқди нафс ботқоғида
Ахлат титиб ётган қоринлар.
Чиқиб келди қафас -чироқдан,
Сулаймондан қўрққувчи жинлар.
Сабр қошин қоқди, ниҳоят
ўлимнинг ҳам келди ҳаваси.
Дорулбақо топмади чора,
Шарт йиртилди сабр тўрваси.
Бас, пичоққа ўтмади танам,
Суйкалма, эй пачоқ бўлган нафс!
Нарироқ ўт, сен-да буюк ғам,
Ўтган каби илоҳий нафас.
Мен сояман, ўзимнинг соям,
Борар манзил- тилсимли фано.
Соясизлар сайёрасида
Соя бўлиб яшамоқ азоб!
Санжар Тошбеков@Elyor_Haydar