Тепадаги узундан-узоқ матнни ўқиб бўлдингларми? Давом этамиз.
Раддиядан иқтибос:
“Ўтмиш даврлар ҳам ҳозиргидек бўлган. Ҳамма ҳам бошқа тилларни мукаммал билавермаган. Масалан, мадрасани ўқиб туриб ҳам, араб ёки форс тилини мукаммал билавермаган”, деган гап ўрта асрларга, айниқса, Мусулмон ренессанси даврларига тўғри келмайди. Бу гап Абдурауф Фитрат “Мунозара”да ва Садриддин Айний “Эсдалик”ларида кўтарганидек XVII-XIX асрларга тўғри келиши мумкин, эҳтимол. Зотан, Ибн Сино яшаган даврда ҳатто ҳали давлат тили араб тилида эди, давлат ҳужжатлари араб тилида юритилар эди, энди-энди форс тилига ўтиш юз бераётган эди...
Раддиядаги ягона жиддий аргумент. Рост. Бу ҳақда ўша постларда ҳам ёзгандим — у пайти минтақада
араб тилининг нуфузи баланд бўлган,
мўғул истилосидан сўнг нуфузи пасая бошлаган, XVI асрдан сўнг таълим ёмонлашиб борган, пировардида арабчани яхши биладиган одамлар жуда оз қолган. Мусулмон ренессанси даврида, албатта, арабчани яхши билувчилар анча кўп бўлган.
Лекин "араб тили мадрасаларда мукаммал ўргатилган" дегани ҳамма уни мукаммал ўрганган дегани эмас. Буюк шахсларни қўйиб турайлик. Унчалик "буюк" бўлмаган, ўртача натижаларга эришган, бугун кўп эсланмайдиган юзлаб, балки минглаб олим, арбоб маълум бизга. Уларнинг кўплари асарлар ёзиб қолдирган. Улар орасида тилни мукаммал билмай, шунга қарамай, нимадир ёзиб қолдирганлариям кўп. Мен арабча манбалар билан ишламаганман, аммо
туркча ва
форсча манбаларда ҳам шу ҳолат учрайди: кимнингдир луғат бойлиги кам, кимдир грамматик хатолар билан ёзган, кимдадир ғализ жумлалар бор. Бундай ҳолатлар тиқилиб ётибди, қўлёзма билан ишлаган ҳар бир олим буни билади.
Аслида менинг постим нимага қарши қаратилган эди? "Ҳамма уч тилни мукаммал билган" деган миф ёлғонлиги айтилган эди унда. Бу мифни инкор этиш бунинг том тескарисини айтиш дегани эмас. Яъни мен "умуман билишмаган, тили расво бўлган" деган жойим йўқ (нега ўзи ё у қутб, ё бу қутб бўлиш керак, ўртада туриш мумкин эмасми?). Шунчаки "мукаммал" деб идеаллаштириш керак эмаслигини, жуда кўп арбоблар ўртача/ўзига керакли даражада тил ўрганганини, бундан ортиғига доим ҳам вақт ва имкон бўлмаганини ёзган эдим.
Айтайлик, мен филология бўйича
инглизча ёза оламан, аммо математика бўйича мутлақо ёзолмайман. Эҳтиёжим йўқлиги боис. Ўтмишда ҳам худди шунақа бўлган. Буни аниқлаштириш учун қанчадан-қанча эътиборли устоз ва ҳамкасблар билан гаплашдим, бари тасдиқлади. Чамамда, менга раддия ёзган ҳамкасблар ҳам гапларим осмондан олинмаганини, энг камида шунақа фикр борлигини билади, лекин "ҳа, шундай фикр бор, лекин асоссиз, мен қўшилмайман" дейиш ўрнига "умуман бўлмаган гап, тўқиб чиқарилган" қабилида билмаганга олишяпти. Бунинг сабаби нима? Агрессив динчи оммага ёқишга ҳаракатми? Ëки идеаллаштирилган тарихни ҳар қандай баҳо ила ҳимоя қилишга уринишми? Билмадим.
Юқорида айтганимдек, бу нарса кўпроқ "унча буюк бўлмаган", бугун кўп эсга олинмайдиган, "ўртамиёна" десак бўладиган арбобларнинг меросида учрайди. Аммо баъзи таниқли олимлар таржимаи ҳолида ҳам бу борада баҳсли фикрлар айтиб ўтилган (
Ибн Сино каби). Айнан ўша таниқлиларни тилга олиб ўтишимнинг сабаби — оммага танишроқ шахслардан мисоллар бериш эди.
Аслида мисоллар кўпроқ, кимга қизиқ бўлса, келсин, муҳокама қиламиз. Арабча манбалар қизиқ бўлса, унда менга консультация берган арабистлар билан юзлаштириб қўйишим мумкин (агар бу қадар бефойда баҳсга вақт ажратишни жоиз билишса). Улар масон эмас, иллюминат эмас, маҳаллий мутахассислардир. Ҳеч қандай фитна йўқ биродарлар, тинчланинглар.
@AsanovEldar