Ихтиёр Марғилонийнинг раддиясида яна битта ноўрин гап бор: "фикр билдиришдан олдин аввал
арабчани ўрган, қўлёзма ўқи, кейин гапир" қабилидаги эътироз. Бу гапни одатда илм-фан қандай тузилганидан бехабар одамлар айтади. Ҳар қандай тадқиқотчи олим биладики, илм-фан жуда катта, ихтисосликлар жуда кўп, бир олим ҳаммасини қамраб ололмайди. Ҳамма маълум замонни, маконни ўзига мутахассислик, тадқиқот объекти қилиб олади ва шуни ўрганади. Ҳатто шарқшуносларнинг ҳам ҳаммаси арабча,
туркча ва
форсчани билмайди — одатда шу тиллардан биттасини мукаммал ўрганиб, ўша тилдаги қўлёзмаларни ўқийди. Бошқа тиллардаги манбалар, ихтисослиги бўлмаган даврлар ҳақида гап кетганида эса тегишли мутахассисларнинг тадқиқотларига асосланиб гапиради ва ёзади. Илмий нашрлар ўзи шу учун — бир киши қамраб ололмайдиган билимларни академик давраларга осонроқ шаклда етказиш учун керак.
Менинг ихтисослигим — исломгача бўлган давр. Лекин мен "аввал
кўктурк,
сўғд,
уйғур хатларини ва тилларини ўрган, манбаларини ўқи, кейин гапир" демайман; шу тилларни биладиган, манбаларини ўгирган ва нашр қилган тадқиқотчиларга таянишни талаб қиламан. Ислом даври ҳақида гапирсам, ўзим ҳам шу давр мутахассисларига таянаман.
Энди савол туғилади: ҳатто бугунги ривожланган замонда бутун ҳаётини илмга бағишлаган одамларнинг кўпчилиги бир нечта тилни мукаммал эгаллай олмайди экан, ўтмишдан бундай мукаммаллик талаб қилиш тўғримикан?
Ўтмишдаги тил билими ҳақидаги постларим аслида яхши масалани кўтарди ва жамиятдаги муаммоларни очиб берди деб ўйлайман. Бизда тарихни муқаддас сигир қилиб олишган — унинг идеал картинасини чизиб, бундан бироз оғишганларни салкам қатл қилишга тайёр агрессия шакллантирилган. Бу миллий ва диний тарих мифига кўра, ўтмишдаги ҳамма буюк боболар мукаммал, кам-кўстсиз инсонлар, бирор камчилиги борлигини қабул қилиб бўлмайди; душманлар, аксинча, қоп-қора, бирор ютуғи ва ижобий томони йўқ яратиқлардир.
Аслида эса манбаларни ўқисангиз, сифатли тадқиқотларни ўқисангиз, реал картина мураккаброқ бўлганини кўрасиз. Тил масаласида ҳам шундай — "ҳамма уч тилни мукаммал билган" деган миф номи билан бир мифдир. Мен ҳали
Ибн Сино ва
Мотуридий ҳақидаги фикрларни келтирдим, яна бошқаларам борки, уларни эшитиб, кимлардир инфаркт бўлиб қолмасин деб, индамайман.
"Тилни мукаммал/яхши билмаган" деган нарсани ҳам тўғри тушуниш керак. Бу "твоя-моя" даражасида билган дегани эмас. Албатта, аксарият зиёли тилларни ёзадиган даражада ўрганган. Ҳозир ҳам
инглиз тилида ёзиш учун уни мукаммал билиш шартмас —
intermediate бўлибам ўқиб, ёзиб юрганлар кўп; керагида луғатдан ёки муҳаррир хизматидан фойдаланади. Лекин уларнинг инглизчаси мукаммал эмаслиги, луғат бойлиги катта эмаслиги (ўз соҳаси терминологияси билан чеклангани), инглиззабон одамга баъзи гаплари ғализ туюлиши ҳам табиий.
Ўтмишда ҳам шунақа бўлган: арабча маълум бир даражада ўрганилган ва сўнг ҳамма ўз ихтисослиги бўйича ёзиб, ўқиб юрган. Тилни мукаммал билиш баъзи соҳалардагина талаб қилинган (луғатшунослик, муфассирлик каби).
Бу нарсаларни тўғри тушуниш керак. Бу буюк боболарнинг хизматини, меросини йўққа чиқариб қўймайди, уларни ёмон одамга, ёмон мутахассисга айлантириб қўймайди, шунчаки афсонавий, ярим илоҳий, кам-кўстсиз фаришталардан реал шахсларга айлантиради, аксинча, уларнинг меҳнати қай даражада оғир бўлганини кўрсатиб, меросининг қадрини оширади.
Зиёлилар, сиёсий элита миллатнинг тарихини ёзаман деб уни ортиқча идеаллаштириб, шу ҳолида кенг оммага тақдим этгани бир куни ўзининг бошида калтак бўлиб синади: реал картинадан бехабар оломон улардан ҳам мукаммалликни талаб қилади, ярим афсонавий тарихни ғурур масаласига айлантиради, қолаверса, академик давралар учун табиий ва одатий бўлган баҳсларга ҳам аралашиб, идеал картинага зид келган ҳар қандай фикрни чеклаб, ўз цензурасини ўрнатади. Шунга бундай кайфиятларни оловлантиришдан, илмий дискурсда оломон кайфиятига мослашишдан эҳтиёт бўлиш керак. Илм-фанни олимларга қўйиб бериш керак.
@AsanovEldar