Кадастр соҳасидаги баъзи саволларга жавоб берилди
АОКАда ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов соҳага оид аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб берди:
1. Ижтимоий тармоқларда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаларига эгалик ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинди деган хабар тарқалди. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бу нотўғри хабар. Қонун қабул қилинса оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади. Юртдошларимизда бундай ёлғон ахборотларга алданиб қолмасликлари учун расмий мақомга эга бўлган ОАВларни кузатиб боришни тавсия қиламиз.
2. Якка тартибда уй-жой қурмоқчимиз, қонуний қандай тартибда ер олсак бўлади фирибгарларга алданмаслигимиз учун.
Жавоб: амалдаги қонунларимизга кўра уй-жой қуриш учун ер участкаларини e-auksion.uz портали орқали очиқ онлайн аукционда иштирок этиб сотиб олишингиз мумкин. Агарда бошқа фуқарога тегишли ерни сотиб олмоқчи бўлсангиз, унда барча ҳаракатларни ўрнатилган тартибда тегишли ҳужжатлар билан нотариал идоралар орқали амалга оширишингизни тавсия қиламиз.
3. Мен ён қўшнимни уйини сотиб олдим. Нотариал идора орқали расмийлаштирдим. Шу иккита ҳовли жойни битта қилиб ҳужжат қилиб олсам бўладими?
Жавоб: ҳа албатта буни имкони бор. Бунинг учун Кўчмас мулкни бирлаштириш ва унинг янги чегараларини белгилаш юзасидан давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz орқали ариза қолдиришингиз керак бўлади. Аризангиз 13 иш кунида кўриб чиқилади.
4. Кадастр ҳужжатини ҳар 5 йилда янгилаб туриш керак экан деб эшитдим. Мен кадастримни 2015 йилда қилдирганман. Ҳозир кадастримни янгилашим керакми?
Жавоб: бу ҳам нотўғри ахборот. Ҳар 5 йилда кадастр ҳужжатлари янгилаш керак деган талаб қонунчилигимизда йўқ. Кадастр паспорти қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ёки қайта расмийлаштирилади:
-кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи хатлов ишлари бажарилганда;=
-кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда ёки ер участкаси алоҳида бўлинганда;
-қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари хусусийлаштирилгандан сўнг уларнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтганда;
-ер участкасининг майдони ёки чегара нуқталари ўзгарганда;
-кўчмас мулк объектининг манзилини белгилашда ёки ўзгартиришда;
-кўчмас мулк объектининг тоифаси ўзгарганда;
-ўз ер участкасида тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд бўлганда.
5. Ўзбошимчалик билан уй қургандим кадастр ходимлари томонидан жаримага тортилдим. Агар қурилмани бузсам жаримадан озод этиламанми?
Жавоб: Агарда ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 60-модда 2-қисми билан маъмурий иш очилган бўлса ва ҳуқуқбузар ноқонуний қурилмани ўз хоҳиши билан бузиб ҳолатни бартараф этса, бу ҳолда маъмурий иш 60-модда 4-қисми билан тугатилади ва ҳуқуқбузарлик бартараф этилганлиги боис жарима қўлланилмайди.
6. Бундан 5 йил олдин уй сотиб олган эдим. Яқинда кадастр ходимлари давлат рўйхатидан ўткамагансиз деб жарима ёзиб беришди. Бу қонунийми?
Жавоб: Амалдаги қонунчиликка кўра кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар вужудга келганидан 1 ой ичида уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат этиш лозим. Ўз вақтида мурожаат этмаслик, МЖтКнинг 681-моддасига мувофиқ фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, мансабдор шахсларга эса — 15 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
7. Ерни хусусийлаштириш қандай тоифадаги ерларга амал қилади?
Жавоб: Аввало шуни айтишимиз керак - қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларга нисбатан амал қилади.
Жумладан:
-юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
-Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
-хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари;
-бўш турган ер участкалари.
Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг
👉 @yuristlar_maslahati 👈