View in Telegram
Ўшанда янгиланган адабий газетамизга бош муҳаррир бўлиб келган Асқад ака ишни таҳририят папкаларида йиғилиб ётган асарлар билан танишишдан бошлаган экан. Айтишларича, бир ҳафта босим ўтириб, ҳикоялар, шеърлар, публицистик асарларни битталаб кўздан ўтказади, саралайди ва шунда менинг (бир йилдан бери) сарғайибгина ётган ҳикоям ҳам қўлига тушиб қолади. (Ўрни кеп қолди, айтиб ўтай: ўша етмиш-саксонинчи йиллар муҳит бир мунча юмшаган даврлар экан. Ундан аввалроқ эса… айтишларича, «Ўзбегим», «Ўзбекистон» қасидаларини, «Темур тузуклари»ни кимлардир (Асқад Мухтор, Иброҳим Раҳим кабилар) бошларини кундага қўйиб, эълон қилдиришган экан. Ҳатто ўшанда Республиканинг биринчи раҳбари ҳам ўртага тушишга мажбур бўлган дейишади. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода, Зулфия опа каби забардаст инсонлар ҳимоясида ҳам қанчалаб истеъдод ниҳоллари омон-эсон қад ростлаб олгани ҳақида эшитиб юрардик. Масалан, мен ўзим эса Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби атоқли адиблар, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ҳаққул сингари ҳақгўй олимлар, болалар адабиётидан Носир Фозилов, Қудрат Ҳикмат, Турсунбой Адашбоевдек жонкуяр инсонлар не-не истеъдодлар бошини силаб, уларни иссиқ-совуқ шамоллар хуружидан асраб қолганига гувоҳман.) – Асқад акага учрадингизми, – дейишди. – Йўқ, нимайди? – Ҳар ҳолда раҳмат айтиб қўйган яхши. – Шартмикан, – дедим чўчинқираб. – Тортинманг, боринг, қоидаси шунақа. Минг бир истиҳолаю ҳаяжон билан йўлга чиққандим, учрашувимиз жўнгина ўтди. Уюшмадаги тадбирларда узоқдан кўриб юрардим, аммо ўзи билан биринчи марта юзма юз келишим, кўришишим эди. – Домла, мен раҳмат айтгани келган эдим, – дедим. У индамай, синчи нигоҳ билан кулимсираб қараб қўйди. – Ҳикоям чиққан эди. – Ҳа, сизмидингиз? – Ҳа, домла, миннатдорман… – Қаердасиз, – деди Асқад ака мулозаматимга ортиқча эътибор қилмай. – Радиодаман, литдрамда. – Ҳа, яхши жой, Ўлмас ишлаган, Омон Мухтор. Билишимча, ҳозир Тоҳир, Эминжонлар ўша ерда… Бўпти, қатнашиб туринг. Яхши нарсалар ёзинг… Айтишардики, кимнинг асари Асқад Мухтор имзоси билан эълон қилинса, бу катта омад. Мана фалончи, фалончилар ҳаммаси Асқад Мухтор туфайли катта йўлга чиқиб олишган… Шуларни ўйларканман, ич-ичимдан қувониб қўяман: демак, энди менинг ҳам… *** Орзиқул Эргашнинг «Яхши одамлар» бадиасидан
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily