Сен ёмғирни ёмон кўрардинг. Шунинг учун сени ёмғирли кунда сайрга таклиф этолмасдим. Балки ёмғирни севдирадиган бирини кутгандирсан, демак, мен буни эплолмадим, аҳмоқман-да ўзи.
Биз умуман гаплашмай қўйганимизга анча бўлган бир куни сенга ёмғир ёғаётгани ҳақида хабар юбориб, уни ёқтирмаслигингни ҳам эслатдим. Шунақа ҳам бефаросат бўламанми?! Сен шунда «лекин чиройли ёғяпти» деб қўйдинг. Кўксимни нимадир тешиб ўтгандай бўлди. Каловлангача қолдим шу куйи.
Ёмғир ёғиши билан хаёлимда бир ҳикоядаги гаплар такрорланади: «Лаънати, яна ёмғир бошлади! Осмонани ўйлайвераман... Осмонасиз осмонларда маъни қолибдими?!» Мен кучсизлик қилдим: сенга ёмғирни севдириш ўрнига ўзим уни ёмон кўриб қолдим.
Бугун эса Тошкентда қор экан. Мен бўлса сенинг қорга бўлган ҳисларингдан ҳалигача бехабарман. Нега бунча таранг эди муносабатларимиз, нега қувончингни , ҳаяжонингни мендан яширгансан? Балки бу борада ҳам бефаҳмдирман, ким билсин. Эртага Тошкентдаги ижара уйинг деразасини очганингда ташқарида қор бўлади. Қолгани менга номаълум.
«Тонгда деразани очдинг. Қарадинг —
Ташқарида қордир, ташқарида қор....»
• Шаҳобиддин Луқмон
P.s: қорни кўрсам шу ёзиқлар эсимга тушаверади)
@uyo_buyoo