Ҳокимиятми ёки ҳокимлик?
Ҳозир айрим ҳамкасбларимиз тайёрлаган материал (кўрсатув ёки эшиттириш)ларда ҳокимлик тушунчасининг ҳокимият тарзида талқин этилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, «Юнусобод ҳокимиятида ўтказилган йиғилишда...» сингари. Бир эшитганда хатоликдек туюлмайди, лекин ўйлаб кўрилса, тўғри эмаслиги равшан бўлади.
Ҳокимият деганда давлат бошқаруви, бирор томон қўлидаги сиёсий куч тушунилади. Масалан, Ўзбекистонда учта ҳокимият бор: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти. Ҳокимлик эса шу кучнинг муайян таъсир доирасини ифода этувчи тузилма. Шунинг учун хабар ёки репортаж тайёрлаганда ҳокимлик ва ҳокимият сўзларини тўғри қўллаш керак.