#билиб_олинг
Бир шогирд тажрибали мусаҳҳиҳдан сўрабди: "Устоз, сиздек маҳоратли бўлиш учун нима қилиш керак?"
Шунда устоз "Бўтам, бунинг йўли жуда осон: 5-синфдан 11-синфгача бўлган она тили дарсликларини пухта ўқиб чиқиш керак", дебди.
Бу ҳазил, албатта. Аммо шунга ўхшаш воқеа бўлган. Буни айтишдан мақсад сизга бир қоидани эслатишдир.
Она тилида турдош отлар битта нарса ёки тўдани ифодалашига кўра якка ва жамловчи отларга бўлинади.
Бир турдаги предметнинг биттасини билдирадиган отлар якка отлар дейилади. Масалан: ўқувчи, ишчи, гул, уй, одам ва ҳоказо.
Ўзи бирлик шаклида бўлиб, мазмунан кўпликни билдирадиган отлар жамловчи от дейилади. Масалан: халқ, армия, уюр, гуруҳ ва ҳоказо.
Аҳоли сўзи ҳам жамловчи от. Ундан олдин ҳеч қандай саноқ сон қўлланмайди. У фуқаро, одам, шахс, киши сўзларига синоним эмас. Лекин буни айримлар тан олмайди.
❌ 2024 йилда 5 миллион аҳолининг бандлигига кўмаклашиш дастури ишлаб чиқилди.
❌ Деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун 800 минг аҳолига 260 минг гектар ер ажратилди,
деб ёзади. Ҳолбуки бу тўғри эмас. Аслида қуйидагича бўлиши керак:
✅ 2024 йилда 5 миллион фуқаронинг бандлигига кўмаклашиш дастури ишлаб чиқилди.
✅ Деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун 800 минг кишига 260 минг гектар ер ажратилди.
@tahrir_uz