ВАФОТ ЭТГАН ТИРИЛМАЙДИ!
Яқинларни йўқотиш оғир. Айрилиқ аламлидир. Саҳобалар ҳам инсон. Улар мағлубиятдан маҳзун бўлишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амакилари Ҳамза розиёллоҳу анҳуни йўқотиб хафа бўлдилар. Бу яра у зотга токи вафот қилгунларича оғриқ бериб юрди. Аммо ҳаёт давом этади. Улар жароҳатларини боғлашди. Бири бошқасига тасалли берди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам гарчи кўп алам кўрган бўлсаларда, кишиларни энг кўп юпатдилар, уларга тасалли бердилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Жобир ибн Абдуллоҳ розиёллоҳу анҳуни кўриб қолдилар. Жобир розиёллоҳу анҳу хафа эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Эй Жобир! Нега бунча синиқ ҳолатдасан?
-Эй Аллоҳнинг Расули! Отам Уҳудда қатл қилиндилар. Менга оила ташвиши ва бир дунё қарз мерос қолди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Аллоҳ отангга қандай муомала қилганини айтайми?
-Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!
- Аллоҳ кимга гапирган бўлса парданинг ортидан гапирган. Аммо У отангни тирилтирди ва бевосита гапирди. Аллоҳ отангга деди: “Эй бандам! Мендан сўра. Сўраганингни бераман!”. Отанг деди: “Эй Роббим! Мени қайта тирилтирсанг, Сенинг йўлингда жанг қилиб яна шаҳид бўлишни истар эдим!”. Аллоҳ азза ва жалла деди: “Вафот қилганлар яна қайтиб дунё ҳаётига қайтмайдилар деб ҳукм қилганман!”.
Тафаккур қилинг!
@Tafakkur3