Битта вергулга салкам ўттиз қоида!
Ўзбек тили пунктуацияси (тиниш белгилари) қоидаларини ўқияпман. Битта вергулнинг ишлатилиши учун 27 та (!) қоида саналган. Яна шунақанги қийин қилиб саналганки...
Масалан:
Кесими шарт майлидаги феъл (-са қўшимчасини олган) билан ифодаланган эргаш гапли қўшма гапларда мазкур кесимдан кейин вергул қўйилади;
-(и)б қўшимчаси билан ясалган равишдошли қурилмалар тилда идиоматик, фразеологик ибораларга айланиб қолган бўлса, улардан кейин вергул қўйилмайди;
Гапда -ган қўшимчаси билан ясалган ва ўрин-пайт келишигининг қўшимчасини олган сифатдошлар ўзига тобе сўзлар билан кенгайиб келганда, улардан кейин вергул қўйилади...
ва ҳоказо.
Бир пайтлар шуларни ҳеч тафтиш қилмай, шундай бўлиши керакдек, ёдлаб, қабул қилиб, лекин барибир амалда вергулни нотўғри қўллаб, ўзимни айбдор ҳис қилиб юрар эканман. Энди ичимда исён уйғоняпти)) Англаяпманки, булар пунктуация қоидалари эмас, булар тилни, саводни, хатосиз ёзишни жуда мураккаблаштириб, фақат ўта ақлли ва махсус тил билимига эгаларнинг имтиёзига айлантирилиши экан.
Жуда хослашган, назарийлашган тил қоидаларимиз. Олимларимиз тил ҳодисаларини амалий, содда, оммабоп, ишлайдиган қоидаларга солиб тақдим этишлари керак, яъни тилни қайта севдиришлари, саводни оммабопроқ тарзда сингдиришлари керак.
Бизга нимага керак вергулни қўллашнинг 27 қоидаси??? Беш ё олтита умумий қоидага бирлаштирса бўлмайдими шуларни, масалан???
@shahnozxon