НАМОЗДАГИ ҚИРОАТДА АДАШСА НАМОЗ БУЗИЛАДИМИ?
#намоз #қироат@Shayx_Hazrat CАВОЛ:
Мен бомдод намозида масжидда имомликка ўтиб зам сурага "Духон" сураси оятида "Аҳлакнаҳум иннаҳум кану мужримийн" ўрнига адашиб "Аҳлакнаҳум иннаҳум кану муслимийн" деб хато қилиб қўйибман. Энди шунча одамни намозини бузган бўламанми? Илтимос маслаҳат беринглар нима килай, жавобгарликдан қўрқяпман.
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу борада ҳанафий мазҳаби китобларида қуйидаги фатволар келган. Агар намозда бир калиманинг ўрнига бошқасини ўқиб қўйса ва ушбу хато маъно ўзгаришига сабаб бўладиган бўлса, масалан, (قليلا ما يشكرون) ўрнига (قليلا ما يكفرون) ёки (و ما هم بخارجين من النار) ўрнига (و ما هم بخارجين من الجنة) деб ўқиб қўйса, намоз бузилади. Имом Абу Лайс Самарқандий шундай деганлар: “Агар намозда (المُفْلِحِين) ўрнига (الخاسرين) деб ўқиб қўйса, намози бузилмайди ва бу Ибн Ал-Муборакнинг сўзидир. Имом Абу Ҳафсга кўра бу ишни қасддан қилса бузилади” (“Хизонатул акмал фи фуруъ фиқҳил ҳанафий” китоби. 1-жуз, 664-бет).
Бошқа ўринда ҳам бу масалага оид фатволар бор. “Тоторхония”да келтирилишича: “Намоз қироатида бир калиманинг ўрнига бошқасини ўқиб қўйса ва ўқилган калима Қуръонда бор бўлса-ю, лекин маъно асл маънодан узоқ бўлса, масалан, раҳмат оятини азоб ояти билан тугатиб қўйса ёки (ар-роҳмаан, аълламал Қуръаан) демоқчи бўлганда тилидан (шайтон) чиқиб кетиб қолса, ёки (аш-шайтоону яъидукумул-фақро) демоқчи бўлганда оғзидан (ар-раҳмоон) чиқиб кетиб қолса, шу ҳолларда Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад наздида намоз бузилади”.
Имом Абу Юсуфга кўра эса, агар бу адашишлар қасддан қилинмаган бўлса ва тилидан янглиш чиқиб кетган бўлса, намози бузилмайди. Абул Ҳасан Кархий ва Муҳаммад ибн Муқотил Розийлар мана шунга фатво беришар эди. “Зоҳийрия” китобида келтирилишича агар кимдур (Улааъика асҳаабул жанна) ўрнига (улааъика асҳаабун-наар) деб ўқиб қўйса ёки(алаа инна ҳизбаллоҳи ҳумул муфлиҳуун) ўрнига (алаа инна ҳизбаллоҳи ҳумул каафируун) деб ўқиб қўйса, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммадларга кўра намози бузилади”.
“Ҳовий” да келтирилишича, ибн ал-Муборак (Улааъика асҳаабул жанна) ўрнига (Улааъика асҳаабун-наар) ўқиб қўйган одам борасида сўралганларида, бузилмайди, агар қасддан қилган бўлса, бузилади, деб жавоб берганлар. (“Ал-фатава ат-тоторхония”. 1-жуз, 297-бет).
Сизнинг масалангиз ҳам мана шу фатволарда келтирилган хатоларга ўхшашдир. Шунинг учун сизга маслаҳатимиз ўша кунги бомдод намозида қатнашган намозхонлар 5-6 кишидан иборат озчилик бўлиб, сиз уларни ҳаммасини танийдиган ва етказа оладиган даражада бўлсангиз, уларга хатоингиз ҳақида етказиб, эҳтиётан қайта ўқиб олишларини айтинг. Мабодо каттароқ жамоат бўлиб уларнинг ҳар бирига етказиш машаққат бўлса, сиздан содир бўлган хатонинг қасддан бўлмагани учун бир қатор уламолар фатво берган Имом Абу Юсуфнинг ижтиҳодлари бўйича намозларингиз иншааллоҳ тўғри бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
✅ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ ТАРҚАТИНГ!
Фотиҳа сурасини ўқиётганда "ғойрил мағдувби" деган жойини "ғойрил мағзувби" деб ўқиса намози бузиладими? 👉ЖАВОБ:👉 https://t.center/Shayx_Hazrat/37277