InnoWeek.Uz-2024 халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида хориждаги ватандошлар билан давра суҳбати ўтказилади
14 ноябрь куни ҳафталик доирасида бўлиб ўтадиган мазкур тадбир мамлакатда илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Унда хорижий университетларда фаолият юритаётган олимлар, стартаперлар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этиб, ўзларининг қимматли фикрлари билан қатнашишлари кутилмоқда.
Тадбирда илмий-технологик ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишлари белгилаб олинади. Жумладан, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ёш тадқиқотчилар учун стажировка дастурларини йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот гуруҳларини шакллантириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинади. Иштирокчилар университетлар ва илмий марказлар негизида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар киритишлари кутилмоқда.
Давра суҳбатининг яна бир муҳим йўналиши технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш масаласи бўлади. Бизнес вакиллари ва инвесторлар инновацион корхоналарни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш юзасидан ўз қарашларини билдиришлари ҳам мумкин.
@pressuzb