Асқотадими, асқатади?
Бу сўзни сўзлашув тилида кам ишлатамиз. Лекин ёзадиган ёки айтадиган бўлсак, кўпинча
асқотмоқ шаклини
танлаймиз. Имло ва изоҳли луғатларга кўра, бундай сўз йўқ. Демак,
асқотди, асқотади, асқотяпти кабилар
хато саналади.
❗️ Сўзнинг луғатларда берилган шакли:
асқатмоқ.
Мен
асқотмоқ шаклини ҳам вариантдош сифатида луғатларга киритиш тарафдориман. Чунки асосан шундай талаффуз қиламиз.
Кулгу сўзи ҳам шунга ўхшаш. Шеъриятда асосан кулгу ишлатилади. Бу шакл
кулги сўзининг вариантдоши сифатида луғатлардан жой олиши керак.
Талаффузда бироз ўзгаришга учраган ва талаффуз шакллари луғатларга киритилган сўзлар кўп.
Иймон ва
имон, тўёна ва
тўяна, беркитмоқ ва
бекитмоқ, кабутар ва
каптар, мўйлов ва
мўйлаб, қабариқ ва
қавариқ, қувалашмоқ ва
қувлашмоқ, тўлғизмоқ ва
тўлғазмоқ...
Қизиқ томони, юқоридаги сўзлардан
тўяна, беркитмоқ, тўлғизмоқ ва тўлғазмоқ ҳозирча изоҳли луғатларга киритилмаган, аммо
имло луғатларида бор. Беркитмоқ сўзининг вариантлари изоҳли луғатнинг шарҳ ва мисоллари ичида учрайди.
Асқотмоқ ҳам худди юқоридаги сўзларга жуда ўхшаш. Лекин ҳозирча фақат асқатмоқ шаклини тўғри деб ҳисоблаб турамиз.
@oriftolib