341-модда. Транспорт воситаларини ёки кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш тартиби
Транспорт воситаларини ёки кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор ҳайдовчилик гувоҳномасини, шунингдек унинг талонини олиб қўйиш йўли билан ижро этилади.
Башарти ҳайдовчи ёки кема ҳайдовчиси транспорт воситаларининг ёки кичик ҳажмли кемаларнинг айрим турларини бошқариш ҳуқуқидангина маҳрум этилган бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномасига ва унинг талонига транспорт воситаларининг ёки кичик ҳажмли кемаларнинг қайси турларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги ёзиб қўйилади.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни олиб қўйиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан, кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни олиб қўйиш тартиби эса — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси томонидан белгиланади.