313-5-модда. Суд қарори
Суд қарорининг кириш қисмида:
қарор чиқарилган вақт ва жой;
қарор чиқарган суднинг номи, судьянинг, суд мажлиси котибининг, тарафларнинг, агар ишда иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг исми, отасининг исми ва фамилияси;
ҳуқуқбузарнинг исми, отасининг исми ва фамилияси, туғилган йили, ойи, куни ва жойи, яшаш жойи, иш жойи, машғулотининг тури, маълумоти ва иш учун аҳамиятга молик бошқа маълумотлар кўрсатилади.
Суд қарорининг тавсиф-асослаш қисмида ярашув учун асос бўлган ҳолатлар баён этилади, ушбу Кодекснинг 313-4-моддасида санаб ўтилган масалаларга жавоблар ифодаланади.
Қарорнинг қарор қисмида суд қуйидаги масалаларни ҳал этади:
маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишни тарафларнинг ярашуви муносабати билан ёки ушбу Кодекснинг 310-моддасида кўрсатилган бошқа асослар бўйича тугатиш ҳақидаги, маъмурий жазонинг қўлланилиши тўғрисида ёхуд уни маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённомани расмийлаштирган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қўзғатган органга юбориш ҳақидаги;
ашёвий далиллар тўғрисидаги;
зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги.
Суднинг қарорига ҳуқуқбузар, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат томонидан шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.