38-модда. Охирги зарурат
Охирги зарурат ҳолатида, яъни шахснинг ёки бошқа фуқароларнинг шахсига ёхуд ҳуқуқларига, жамият ёки давлат манфаатларига таҳдид солувчи хавфни қайтариш учун қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказган ҳолда содир этилган қилмиш, башарти, шу хавфни ўша ҳолатда бошқа чоралар билан қайтаришнинг иложи бўлмаса ҳамда келтирилган зарар олди олинган зарарга қараганда камроқ бўлса, жиноят деб топилмайди.
Шахснинг охирги зарурат ҳолатида содир этган қилмиши, башарти, охирги зарурат чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, қонуний деб топилади.
Агар бошқа воситалар орқали хавфнинг олдини олиш мумкин бўлса ёки келтирилган зарар олди олинган зарардан ошиб кетса, қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга бундай зарар етказиш охирги зарурат чегарасидан четга чиқиш деб топилади.
Охирги зарурат ҳолатида содир этилган қилмишнинг қонунийлигини баҳолашда олди олиниши лозим бўлган хавфнинг хусусияти ва хавфлилик даражаси, шундай хавфнинг ҳақиқатан мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ва юз бериш вақтининг яқинлиги, хавфни қайтарувчи шахснинг мавжуд имкониятлари, вужудга келган вазиятдаги руҳий ҳолати ва ишнинг бошқа ҳолатлари ҳисобга олинади.
@jinoyatkodeksi_uz