272-модда Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августдаги 832-I-сон Қонунига асосан чиқарилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 229-модда
273-модда. Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш
Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишлар озгинадан кўпроқ миқдорда содир этилган бўлса, —
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) илгари гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ жойларида;
г) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, студентлар ўқув, спорт ва жамоат тадбирларини ўтказадиган бошқа жойларда содир этилган бўлса, —
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш, шунингдек ушбу модданинг иккинчи ёки учинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш —
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.
@jinoyatkodeksi_uz