244 прим 6-модда. Ёлғон ахборот тарқатиш
Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, ушбу Кодекснинг
244 прим 1-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) оммавий тадбирлар жараёнида ёки фавқулодда вазият ҳолатида;
б) жуда кўп миқдорда зарар етказилган ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолда;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.