207-модда. Мансабга совуққонлик билан қараш
Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) одам ўлишига;
б) гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг кўп миқдорда Ўзбекистон Республикаси давлат ёки божхона чегаралари орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишига сабаб бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
@jinoyatkodeksi_uz