155-модда. Терроризм
Терроризм — халқаро муносабатларни мураккаблаштириш, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузиш, хавфсизлигига путур етказиш, уруш ва қуролли можаролар чиқариш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, аҳолини қўрқитиш мақсадида давлат органини, халқаро ташкилотни, уларнинг мансабдор шахсларини, жисмоний ёки юридик шахсни бирон бир фаолиятни амалга оширишга ёки амалга оширишдан тийилишга мажбур қилиш учун зўрлик, куч ишлатиш, шахс ёки мол-мулкка хавф туғдирувчи бошқа қилмишлар ёхуд уларни амалга ошириш таҳдиди —
саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вазиятни беқарорлаштириш ёки давлат органлари томонидан қарор қабул қилинишига таъсир кўрсатиш ёхуд сиёсий ёки бошқа ижтимоий фаолиятга тўсқинлик қилиш мақсадида давлат ёки жамоат арбоби ёхуд ҳокимият вакилининг давлат ёки жамоатчилик фаолияти муносабати билан унинг ҳаётига суиқасд қилиш ёки унинг баданига шикаст етказиш —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, —
ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
Терроризмни тайёрлашда иштирок этган шахс, агар у ҳокимият органларига ўз вақтида хабар бериш ёки бошқа усул билан оғир оқибатлар юзага келишининг ҳамда террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган бўлса, башарти бу шахснинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод этилади..
@jinoyatkodeksi_uz