135-модда. Одам савдоси
Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;
б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;
г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;
д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;
и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;
к) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;
б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;
в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
@jinoyatkodeksi_uz