Али Тантовий умрида биринчи бор пора олган бир софдил кишининг ҳолатини шундай таърифлайдики, кишинининг ҳолатини бундан кучлироқ таърифлаб бўлмайди, дейсиз. У 100 риёл маошга ишлайдиган киши эди, вазифасида унга 11000 (ўн бир минг) риёл пора таклиф қилишади, у олади…
Аслида, ҳар қандай гуноҳ соҳиби илк бор гуноҳ содир этгандаги ҳолат бу.
Ўқиб кўринг:
“Орадан қанчадир вақт ўтиб, Абдулмўмин афанди ғафлат уйқусидан ўзига келди. Худди ёш қиз номусини йўқотганида қай аҳволга тушса, у ҳам шундай тушкунликка тушиб қолди. Бирданига ўзидан жаҳли чикди. Нафратланди. Қани энди ҳалиги хайдовчига етиб олиб, пулини қайтариб бера олса!.. Ҳозиргина бой берилган ўтмиши нақадар гўзал бўлса, шу қадар бегонага ҳам айланганди. Ўша шарафли фақирлик ҳозирги ҳолидан шунчалар устун эдики, уни қўмсаб, соғина бошлади. Эртага уйига қайтса, оиласининг дўсту биродарларининг юзига қандай қарайди?! Шундай совуқда унинг жисму жони ўртанар, ичида худди олов ёнаётгандай қизиб борар, пешонасида реза-реза тер ялтирарди.
Шу чоқ шамол эшикни қимирлатди. У иши фош бўлиб қолдими, деб чўчиб тушди. Пулни қаерга яширишни билмай, ахийри яна чўнтагига солди. Сўнг «тин- тув қилинсам-чи» деган хаёлда оёқ кийими ва пайпоғини ечди. Пулни пайпоғига тиқиб, устидан оёқ кийимини кийди. Кейин тафтиш пайпоқдан бошланиши ёдига тушиб, яна оёқ кийимини еча бошлади. Ўзи ҳам наша ва бошқа майда-чуйда нарсалар олиб ўтадиган инсонларни худди шу еридан бошлаб тафтиш қилар эди. Ана шундай нотавонлар даражасига тушиб қолганидан сиқилди. Бироқ бўлар иш бўлди. Энди пулни нима қилиб бўлса ҳам яшириш керак!..
Абдулмўмин афанди пулни пайпоғидан чиқриб, тезда дастрўмолига ўради. Иштонини ечиб, ҳеч ким қўл узатмайдиган жойига яширди. Сўнг ҳафсаласиз ўтириб, ўйланиб қолди: «Бу пулни нима қиламан? Фарзандларим шунча пулни қаердан олганимни сўраса, нима деб жавоб бераман?..»
У шу чоққача ёлғон сўзлаганини эслолмади. Бордию, энди ёлғон баҳона топган такдирида ҳам, қараши ва ҳаракати буни фош қилиб қўймайдими?..”
Али Тантовийнинг “Икки етим” китобидан.
@IkromSharif