19-модда. Ҳудуддаги участкаларни, турар жойларни, иншоотларни ва бошқа объектларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш)
Ички ишлар органлари туман, шаҳар ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ва бошқа юқори турувчи раҳбарларнинг оғзаки ёки ёзма қарорига кўра ҳудуддаги участкаларни ўраб олишни (тўсиб қўйишни) қуйидаги ҳолларда амалга ошириш ҳуқуқига эга:
авариялар, табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фалокатлар ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишда, эпидемиялар ва эпизоотиялар вақтида карантин тадбирларини ўтказишда;
оммавий тартибсизликларга ҳамда транспорт ҳаракатини, алоқа воситаларини ва ташкилотлар ишини издан чиқарувчи бошқа ҳаракатларга чек қўйиш бўйича тадбирларни ўтказишда;
қамоқдан қочган шахсларни ва жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришда;
жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб этишда;
террорчиликка қарши операцияни ўтказишда, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари ёхуд заҳарли ёки радиоактив моддалар топилганлиги тўғрисидаги маълумотларни текширишда;
оммавий тадбирлар, шу жумладан байрамлар, халқ сайиллари, митинглар, кўча юришларини ўтказишда.
Агар фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш, тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини қўриқлаш, шунингдек хавф таҳдид солаётган мулк объектларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ҳудуддаги участкаларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш) чоғида транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.
Агар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавфнинг олдини олиш учун зарур бўлса ва уларни бошқача усулда ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса, ўраб олиш (тўсиб қўйиш) жисмоний ва юридик шахсларга қарашли турар жойларга, иморатларга ва бошқа объектларга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Ички ишлар органлари ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширишда бўлғуси ўраб олиш (тўсиб қўйиш) ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аҳолининг нормал ҳаёт кечиришини таъминлаш чораларини кўради, фуқароларга юзага келган вазиятда энг қулай ҳаракатланиш йўналишларини тушунтиради.
@iioqonuni