ҚАРШИДА БИР ШИРКАТ ФАОЛИЯТИ ФУҚАРОЛАР УМИДИНИ СЎНДИРМОҚДААссалому алайкум, Элтуз.
Биз, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри, 4-микротумани, Чулқувар маҳалла фуқаролар йиғинидан сизга мурожаат йўллаяпмиз. Мурожаатимиз сабаби шуки, 36-37-38-39-40-41-42-домларимизда фаолият юритаётган “Тўлқин Мавжуда” ширкати фаолиятидан норозимиз.
Ширкатга ҳар ойда тўлов қилиб боряпмиз, аммо улар бирон бир иш бажарганини эслай олмаймиз. Ҳозирда:
• Домларимиздаги лифтлар тўхтаб қолган, ишламайди.
• Подъезд деразалари синган, ҳеч ким тузатмаган.
• Подъезддаги чироқлар ҳам ўчган.
Бу ҳолатлар ҳақида ширкатга мурожаат қилганимизда, улар қарздорликни асос қилиб кўрсатишмоқда. “Кўпчилик тўлов қилмаяпти, шунинг учун ишлар тўхтаб қолган”, деб жавоб беришади. Аммо ойма-ой пул тўлаб келаётган фуқароларнинг айби нима? Бизнинг тўловларимиз қайга кетяпти? Камчиликларни бартараф этиш уларнинг бевосита мажбурияти эмасми?
Ширкатдаги масъул шахсларнинг муомаласи ҳам халққа нисбатан ёмон. Уларнинг бир гуруҳ ходимлари муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, халқни қўрқитиш ёки турли баҳоналар билан тўсқинлик қилиш билан шуғулланади. Қарзни ундириш масаласини ҳал қилишга ҳам уларнинг ўзлари масъул, лекин ҳеч қандай иш қилмай қўйишган.
Энг хунуки – бу қариялар ва ёш болалар учун қийинчиликлар яратмоқда. Лифтларни ўчириб қўйиш жуда катта ноқонуний ҳаракатдир. Ширкат фаолияти ҳақида ҳисоб-китоб ҳужжатларини ҳам бирор марта кўрган эмасмиз. Қўлимизда аниқ рақамлар бўлмагани учун уларнинг даромади ва ҳаражатлари қаерга сарфланганини билмаймиз.
Биз бу масалага тегишли идоралар, юқори турувчи ташкилотлар ва текширув органлари эътибор қаратишини сўраймиз.
Шу саволларга жавоб беришларини истаймиз:
1. Ширкат фаолиятини текширадиган ташкилот борми?
2. Ширкатнинг молиявий ҳисоботи ва кирим-чиқимлари қайси органлар назоратида?
3. Агар ширкат ўз вазифасини бажара олмаса, уни ислоҳ қилиш ёки бошқа ташкилотга ўзгартириш чоралари кўриладими?
Илтимос, аҳоли мурожаатига қулоқ тутиб, муаммоларимизни ҳал этишда ёрдам беринглар. Агар ширкат фаолият юрита олмаса, одамлар билан келишиб ишлашни билмаса, бунақа ширкатга ҳожат йўқ.
Чулқувар МФЙ аҳолиси номидан.
💬Telegram |
📱Facebook |
🐦Twitter |
📱Instagram |
▶️YouTube