Синов...
2013-йил имонимни синовчи йил бўлди. Ишхонада бошлиғимиз ўзгарди. Мен одатдагидай ишхонамизга яқин бўлган масжидга жума намозини адо этиш учун чиқиб юравердим. Бир куни янги бошлиғимиз ҳузурига чақиртириб, энди жумага чиқмай туринг, деб қолди. Мен иш вақтида эмас, тушлик вақтида ибодатни адо этаётганимни, буни ишга сира ҳам алоқаси йўқлигини айтдим. Бошлиқ ҳам гапида туриб олди.
Холиққа осий бўлиб, махлуққа итоат этилмайди. Ташқарига чиқиб, аризамни ёздим ва бошлиққа олиб кирдим. Бошлиқ ҳайронлик ва жаҳл аралаш аризамни қабул қилиб олди. Яхшиликка йўйдим. Рамазонга яқин ибодатларни тўлиқ адо қиладиган бўлдим, деб ўзимга тасалли бердим.
Яна бир синов келди. 5 йилча олдин Умрага бирга бориб келган ҳожи онамизнинг ўғилларидан дўкон сотиб олгандим. Ҳужжатларида муаммо бор, кейинроқ номингизга ўтказиб берамиз, дейишганди. Бир йилча у ерни юрғизиб, кейин яқин дўстимга сотиб юборгандим. Дўстим ҳам менга ишониб ҳужжатларни сўрамаганди. Орадан 4 йилча вақт ўтди муаммо йўқ эди кеча дўстим телефон қилиб кимдир келиб дўкон қонуний уларга тегишли эканини, уни бўшатиб қўйишмаса судга беришларини айтибди. Ҳожи онани уйларига бордим, йўқлар деб қайтариб юборишди. Ўғиллари билан учрашдим. Сизни биринчи марта кўриб туришимиз билмаймиз дейишди. Ё Аллоҳ дедим. Нима қилишимни билмайман дўстимни олдида бошимни эгиб, сўраб кўр мақсадлари нима экан, дедим. Ёки дўконни бўшатасиз ёки 10.000 $ берасиз дейишибди. Ичимда нимадир узилгандай бўлди. Ҳаммадан ҳам ҳожи онанинг ўғилларидан шундай нарса чиққани алам қилди.
Уйимни ва машинамни сотиб 10.000 $ қилиб бердим. Ўзим эса кичикроқ ҳовли сотиб олдим. Рамазон ҳам бошланди. Бир ҳафталардан сўнг татар қўшнимиз жанжал қилиб судга бераман деб чиқиб қолди. Мен уни ерига девор қурганмишман. Ахир ўзинг мени деворимга уй қургансан аслида мен жанжал қилишим керак, ерни мен эмас давлат бўлиб берган дедим, фойдаси бўлмади. Рамазонда жанжаллашгим келмади. Росулуллоҳ с.а.в нинг хақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига улуғ ажр борлиги ҳақидаги ҳадисларини эсимга келди. Уйда йиғиб қўйган 300 $ пулимни опчиқиб бердим. Қўшним шундан кейин безовта қилмади.
Охирги пайтда нималар бўлаётганини тушуна олмасдим. Ҳаммаси бир пайтда келгани учун сиқилиб қолдим. Дуоларда ҳам Оллоҳим ўзинг кечир. Менга ўзинг ёрдам бер деб йиғлардим. Бошимга қийинчилик келганда бомдоддан кейин масжид таҳоратхонасини тозалайдиган одатим бор эди. Кунда-кун ора шундай қила бошладим. Оллоҳга хуш келадиган иш қилсам мени бу қийинчиликлардан чиқаришига ишонардим. Оллоҳ ўликдан тирикни чиқарар экан. Қўшним ароқхўр, ибодатдан узоқ одам, лекин ўғли тақволи, ибодатли бола эди. У билан таровеҳ ва бомдодга бирга борар эдик. Таҳоратхона тозалашда ҳам ёрдамчим эди. Кузатиб юрдим, ночор бўлса ҳам бировга билдирмайди. Пулим нисобга анча етмаса ҳам закот бериш ниятим бор эди. Оллоҳ кейинги йилда закот берувчилардан қилсин деб ўша болага бир даста пул тутқаздим. Ўзинг муҳтож бўлиб турганингда пул чиқиши қийин бўларкан. Лекин пулни зўрға олаётган боланинг кўзларидаги ёшни кўриб берган пулимдан мингдан минг рози бўлдим. Ўша Рамазон мен учун ибодатга бой бўлди. Таҳажжуд, Қуръон тиловати, илм, рўза, садақа, Оллоҳга ёқадиган кўп ишларни қилдим, алҳамдулиллаҳ. Рамазондан кейин бир дўстимдан 35.000 $ пул олиб таваккал Оллоҳга деб бир тижорат бошладим.
Кейинги Рамазонгача бўлган воқеалар ҳақида қисқача. Ибодатга рухсат берадиган эски бошлиғим ишсиз юрганимни эшитиб ишга чақирди. Мени олдинги ишлаган жойимдан ҳам нуфузлироқ даргоҳга катта лавозимга ишга олишди. Бошлаган тижоратим катта фойда берди. Кичик ҳовлимни сотиб унинг пулига тижоратимнинг фойдасини қўшиб яхши уй ва янги машина сотиб олдим. Бироз пул ҳам ортиб қолди. Ортган пул ўша йилги закот хисобичалик экан.
Қайси амалим Оллоҳга хуш келганини билмайман. Боланинг йиғлаб қилган дуосими, таҳоратхона тозалаганимми, Росулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадисларига мувофиқ иш қилганимгами, Қадр кунидаги дуойимми ёки Рамазонда қилган ибодатларим дуоларим сабабиданмикин. Ёки қадарга имон келтириб ҳар доим Оллоҳдан рози бўлганимгами буниси энди Оллоҳнинг ўзигагина аён.
👨👨👧👦 @BaxtliOilam_uz -
Обуна бўлишни унутманг!