#Устоз_Салим_Ашур
#60_ёшда
2014 йил. У ўша палла 2-курс эди. Нақ қўзининг ўзи! Дарс — талабалар турар жойи — футбол — тамаддихона йўналишларида оёқ олар, баъзан китоб варақлаган киши бўлар, онаси тугиб жўнатадиган тугун ҳисобига яшар, аниқроғи кун кўрарди...
Бу арзанда ҳаёт ахийри унинг жонига тегди. У бу дафъа қатъий одимлади, метронинг "Беруний" бекатига тушиб, "Мустақиллик майдони"да пайдо бўлди. Бир бало қилиб назоратлардан ўтиб, Матбуотчилар кўчаси 32-уйга кирди. У ўзини бешинчи қаватга оғринмай чиқариб қўйган лифт эшиклари очилган заҳот кўзи тушган девордаги ўша севимли ёзув маҳобатидан ҳаяжонланди.
Идорада котиба аёл кўзойнак ортидан унга синовчан боқаркан: "Главний редактор Аппаратга кетганла, манимча бугун кемидила, эртага хаварлашақолин", — деди.
У изига буриб ҳайдади.
У эртасига яна кўриниш берди. Котиба аёл — қўлида гўшак — унинг киришига рухсат бўлганини қошу кўз ишораси билан билдирди...
— Қизиқ, бирор газета-журналда сизнинг исм-шарифингизга кўзим тушмаган экан... Нима ёзасиз? Ҳм-м. Мақола ёза оласизми?
— Эплайман! Менга имкон берсангиз, бас! Шу ерда қоғозларга кўмилиб ўрганаман! Тўғриси, амалиётда пишмасак бўлмас экан. Дарслардаги қуруқ гаплар билан ҳеч нарса бўлмаслигимиз аниқ. Менга ойлик маош ҳам керак эмас! Фақат ишлатсангиз, ўргансам шунинг ўзи етарли, — деди у андак ҳаяжонланиб.
— Майли... лекин ойликсиз бўлмайди. Сизни 0,25 ставкага ишга оламиз, ариза ёзинг, — деди-ю, Бош муҳаррир телефон гўшагига узалди. — Элмуродга айтинг, хонамга келсин...
Бирпасдан сўнг хонага ўрта бўйли, қотмадан келган, одми кийинган, нигоҳлари қурч, афтидан, ўзига ишончи баланд, ўттиз яшарлар чамаси бир йигит кириб келди.
— Хўш, бу йигит — талаба экан. Иш сўраб келибди. Уддалайман деяпти. Ишга олдик. Шеър-пеър ёзиб тураркан. Бу ёғини ўзингиз ўргатасиз, Нишонов! — деди Бош муҳаррир кастумини кия туриб. Сўнг қўшимча қилди: — Мен Девонга бориб келаман. Газетага қаранглар, — тайинлади ҳалиги йигитга. Кейин талабага бошдан-оёқ тезда разм ташлади-ю, юзланди: — Хў-ўп, сиз, эртага келинг, ишни бошланг, хўш, шундай кўринишда келинг, фақат... қўлингиздаги узукни уйда қолдиринг! — дея шошиб чиқиб кетди.
У эртага келди ва иш бошлади. Баъзи ижодий ва техник ходимлар билан танишди. Аммо... бирдан эртаси куни таҳририятнинг барча ходимлари Бош муҳаррир хонасига шошилинч тўпланишадиган бўлди... Ўринбосар Бош муҳаррирнинг бошқа ишга ўтганини расман эълон қилди! Жамоа ўн йилдан ортиқ бирга елкама-елка меҳнат қилган самимий, камтарин раҳбари билан базўр хўшлашди. Эсдалик учун суратларга тушишди... Барча билан хайрлашаркан Бош муҳаррир талабага ҳам қўл узатиб, сокинлик билан: "Ғайрат қилинг! Сиздан яхши-яхши мақолалар кутиб қоламан!" — деди...
У шундан бери Бош муҳаррирдан миннатдор. У шундан бери газета аталмиш қадар варақларидан истаса ҳам қочиб қутилолмайди...
У ўзини бешинчи қаватга оғринмай чиқариб қўйган лифт эшиклари очилган заҳот кўзи тушган девордаги ўша севимли ёзувни, унинг тубсиз моҳиятини бу кун теранроқ ҳис этади...
Ўша қутлуғ ёзув: "Туркистон" эди...
Талабанинг бошини силаб, унга имкон берган ҳазрати инсон эса етук шоир ва публицист — Устоз Салим Ашур эди.
Алибек Анварий