Ўзингизни ўзингиз учун асранг ҳурматли ҲМҚО ходимлари ёҳуд тизимга ходимлар фақат соғ пайтида керак холос!
Куни кеча Фарғона вилояти Бувайда тумани ИИБда профилактика инспектори лавозимида (агар буни лавозим деб бўлса) хизмат қиладиган Бозоров Ўринбой исмли, эндигина 33 баҳорни қаршилаган ходим айни навқирон ёшида хасталик туфайли оламдан ўтди.
Атиги 2 ой аввал бу йигит билан курсдошлар ўзаро йиғилганда кўришиб, анчагина гурунглашган эдик. Бироз тоби қочганини,Тошкентда даволаниб келганини айтган эди. Ўшанда соппа-соғдек кўринган эди. Афсус...!
Бу йигит билан ИИВ Академиясида бирга таҳсил олганмиз. Қувноқ, ҳазилкаш, анча-мунча гапни ўзига олмайдиган йигит эди. Ишонасизми? Шу йигит айнан тизим учун борини бериб, хатто оила ҳам қурмаган эди! Бу бизга, айниқса унинг яқинлари қалбига қаттиқ таъсир қилди.
Шу ўринда табиий савол туғилади. Марҳум ИИОда хизмат қилиб нимага эришди? Биз таъзия билдириш учун бугун унинг хонадонига бордик. Хонадонни қандай таърифлашга ҳам ҳайронман. Чала қуриб битказилган, эски уйлар, таъмирталаб эшик-ромлар...
Бу ходим ким учун Ватанга хизмат қилди? Нима учун ИИВ Академиясида 4 йил ўқиди? Ким учун ишлади ва, ва... ким учун яшади. Бу ҳам инсонни чуқур ўйга толдиради. Раҳбарлар эса бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтиришмайди.
Тизим учун, раҳбарлар учун бир ходимнинг вафот этиши ҳеч нарсани англатмайди. Ишонинг, бир кундан кейин бу ҳолат ҳамма раҳбарларнинг ёдидан кўтарилиб кетади. Бу постни ўқиётган ҲМҚО ходимлари, айниқса ИИО ходимлари бу гап сизга ҳам тааллуқли. Марҳум Ў.Бозоров ҳам айнан сиз каби бу гап менга тегишли эмас деб ўйлаган.
Ҳурматли ҲМҚО ходимлари сиз, сизнинг соғлиғингиз фақат ва фақат ўзингизга керак. Оила аъзоларингизга керак. Сиз жонингизни жабборга бериб ишлаётган раҳбарлар учун сиз, сизнинг ҳаётингиз сариқ чақага қиммат. Сиздан кейин узоғи билан бир ойда ўрнингизга бошқа ходимни ишга олишади. Сизни эса шунчаки унутиб юборишади...
Ундай эмас дейсизми? Мана исбот: тизимда хизмат қилиб вафот этган ходимларни ҳеч ким ақалли эслаб ҳам қўйгани йўқ.
Шунинг учун, жони арзон, меҳнати оғир, машаққатли касб соҳиблари! Аввало ўзингиз ҳақингизда жон куйдиринг. Соғлиғингизни ўйланг. Иш, иш деб энг кучга тўлган даврингизни беҳудага ўтказиб юборманг. Сиз давлатга фақат соғ пайтингизда кераксиз. Акс ҳолда сизни шунчаки четга улоқтиришади.
Оилангизга, ота-онангизга имкон қадар кўпроқ вақт ажратинг. Фарзандларингиз тарбиясига аҳамият беринг. Уларни сизда ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳаққи бор.
Шунингдек, ҳаммага, хатто сизга ҳам ҳаёт яшаш учун бир маротаба берилган. Ҳаётдан мақсад ишлаш эмас, балки яхши яшашдир!
Марҳум курсдошимизнинг яқинларига яна бир бор таъзия изҳор этиб қоламиз. Раҳбарларга эса уйғоқ виждон ва инсоф тилаб қоламиз.
@Advokat_Esanov