Исмлар имлоси: рухми ёки руҳ?
Таркибида
рух сўзи бор исмлар энг кўп хато ёзиладиган исмлардан.
Шоҳрух, Фаррух, Гулрух каби исмларда
рух ўрнига
руҳ деб ёзилишининг
энг асосий сабабларидан бири шу исмлар таркибидаги
рух сўзи ҳозирги ўзбек тилида
деярли ишлатилмаслигидир. У форс тилидан кирган бўлиб, аслиятда
юз, бет ва
ёноқ маънолари билдиради. Эски ўзбек тилида кишининг юзи маъноси қўлланган:
Лабларинг остидаги холингдин айлансун қулинг,
Лоладек гул-гул рухи олингдин айлансун қулинг.
Фурқат.
Юқоридаги байтда қўлланган
рухи ол қизил юз маъносини билдиради.
Рух сўзининг
омонимлари эса бугунги тилимизда озми-кўпми истеъмолда:
1. Шахмат ўйинидаги тўра, тикка ва ёнлама юра оладиган сипоҳ.
2. Кимёвий элемент, оч яшил рангли металл.
Шоҳрух, Фаррух, Гулрух исмларидаги рух
юз, чеҳра маъносида.
Шоҳрух – шоҳ каби юзли, Фаррух – бахтиёр юзли, Гулрух – гул юзли.
Шоҳруҳ – шоҳнинг руҳи, Фарруҳ – бахтнинг руҳи, Гулруҳ – гулнинг руҳи бўлиб қолади, мазмундан мантиқ йўқолади. Демак, бу шаклда ёзиш хато.
Шохрух деб ёзиш ҳам хато. Шох-мугузнинг юзи деган маъносиз иборага айланади.
Рухсора, Гулрухсор сўзларини ҳам
х билан ёзиш керак. Исмлар таркибидаги
рухсор юз, чеҳра маъносини беради.
Рахшона исми ҳам баъзида Руҳшона деб хато ёзилади.
Рахшон форсчада
нурли, порлоқ, жилоли, жилваланувчи маъноларини билдиради. Рухшона Рахшона исмининг фонетик ўзгаришга учраган шакли, уни хато демасак ҳам бўлади. Рухшона исмини тожикчада ҳам учратиш мумкин.
Руҳиддин исми эса
ҳ билан ёзилиши керак. Исм таркибидаги
руҳ арабча
руҳ, жон демакдир. Руҳиддин – диннинг руҳи, жони, куч-қуввати маъносида.
📌 Хуллас,
Шоҳрух, Фаррух, Гулрух
✅
Шоҳруҳ, Шохрух, Фарруҳ, Гулруҳ
❌
Рухсора, Гулрухсор
✅
Руҳсора, Гулруҳсор
❌
Рахшона
✅
Руҳшона
❌
Руҳиддин
✅
Рухиддин
❌
@oriftolib