“Балки” ва тиниш белгиси
Балки сўзи форс тилидан кирган, аслиятда
эҳтимол ва
аммо маъноларини билдиради. Ўзбек тилида боғловчи ва кириш сўз сифатида ишлатилади.
Боғловчи сифатида зид маъноли гапларни, гап бўлакларини бир-бирига боғлаш, қиёслаш учун хизмат қилади. Бу ҳолатда
балки сўзидан олдин вергул қўйилади:
У содиқ қул, балки ундан баттар одам эди.
Ойбек, Танланган асарлар.
Ёлғиз ўзи эмас, балки бутун косиб аҳлининг аҳволи пачава эканини очиб ташлади.
Ойбек, Танланган асарлар.
Кучлилик – курашда йиқитишда эмас, балки ғазаби келганда, ўзини босиб олишдадир.
“Фан ва турмуш”.
Кириш сўз бўлиб келганда эса
гумон, тахмин маъноларини билдиради. Бу ҳолатда
балки сўзидан сўнг вергул қўйилади:
Балки, маҳалласидан ҳам хотинлар келгандир.
С. Зуннунова, Олов.
Балки, кутар мени бир қиз, кўзёшлари оқизоқ.
“Шарқ юлдузи”.
Балки, бу қиз Она бўлур туғилажак ўғлимга.
Миртемир.
Қачон сўздан олдин, қачон кейин вергул қўйилишини қандай осон аниқлаш мумкин?
Балки сўзи зидлов, қиёслов маъноларини билдирса ва унинг ўрнида
аксинча сўзини қўллаш мумкин бўлса, ундан олдин вергул қўйинг. Масалан:
Ёлғиз ўзи эмас, балки бутун косиб аҳлининг аҳволи пачава эканини очиб ташлади. => Ёлғиз ўзи эмас, аксинча, бутун косиб аҳлининг аҳволи пачава эканини очиб ташлади.
Кучлилик – курашда йиқитишда эмас, балки ғазаби келганда, ўзини босиб олишдадир. => Кучлилик – курашда йиқитишда эмас, аксинча, ғазаби келганда, ўзини босиб олишдадир.
Яна бир белги:
балки сўзи қатнашган қўшма гапларнинг олдинги қисмига
нафақат сўзини қўйиш мумкин бўлса ҳам,
балкидан олдин вергул қўйилади. Масалан, юқоридаги гап:
У [нафақат] содиқ қул, балки ундан баттар одам эди.
Тахмин маъносини билдирса ва унинг ўрнида
эҳтимол сўзини ишлата олсангиз, вергулнинг ўрни сўздан кейин:
Балки, маҳалласидан ҳам хотинлар келгандир. => Эҳтимол, маҳалласидан ҳам хотинлар келгандир.
Балки, кутар мени бир қиз, кўзёшлари оқизоқ. => Эҳтимол, кутар мени бир қиз, кўзёшлари оқизоқ.
Балки, бу қиз Она бўлур туғилажак ўғлимга. => Эҳтимол, бу қиз Она бўлур туғилажак ўғлимга.
Ориф Толиб
Мисоллар “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан олинди.