Сифатловчили ўзлашма сўзлар имлоси
Тилимизга янги-янги сўзлар кириб келяпти. Аксарияти инглиз тилидан. Уларнинг ўрнига кўпинча от қўя олмаяпмиз, атамаларни шундайича қабул қиляпмиз. Бироқ шуни ҳам жуда дўндираётганимиз йўқ. Аксарият ҳолларда рус тили орқали оляпмиз. Бу имлода ҳам сезиляпти.
Бошқа тилдан сўз кириши табиий жараёнлигини олдин ҳам айтган эдик. Иложи бўлса, ўша тушунчага от қўйиш керак. Имконсиз ҳоллардагина тайёрини ўзлаштириш мумкин. Лекин...
Хуллас, бугун сифатловчили ўзлашма сўзларнинг имлоси ҳақида гаплашамиз.
Келинг, таомлардан бошлайлик:
фастфуд ва
ҳотдог. Фастфуд инглизча
fast – тез ва
food – овқат сўзларидан. Тезпишар овқат, тамадди қилиб олиш жойи каби маъноларда ишлатилади. Бу сўзни
фаст-фуд шаклида ёзиш
хато. Рус тилида
фастфуд кўриниши қабул қилинган, лекин
фаст-фуд кўринишида хато ёзиш кўп учрайди. Чунки сифатловчи билан келган ўзлашма сўзларни руслар одатда чизиқча билан ёзади.
Сифатловчи ўзи нима? Ҳоким бўлакдан англашилган нарсанинг белгисини билдириб,
қандай?, қанақа?, қайси?, қанча? сўроқларига жавоб бўлган аниқловчига сифатловчи аниқловчи дейилади. Масалан,
қизил олма сўзида
қизил сифатловчи аниқловчи, у олманинг қандайлигини сифатлаяпти. Фастфудда ҳам шундай.
Фаст сўзи
фуднинг қандайлигини сифатлаяпти. Унда нега қўшиб ёзиш керак? У бизнинг тилимизда битта тушунчани – тезпишар овқатни ифодалагани учун қўшиб ёзган яхши.
Ҳотдог сўзига келсак, у инглизча
hot ва
dog сўзларидан. Тезпишар овқат турини, яъни битта тушунчани англатгани учун қўшиб ёзилиши керак. Рус тилида чизиқча билан ёзилади: хот-дог. Бу рус тили учун тўғри, чунки рус тили орфографиясида шундай қоидага амал қилинади. Ўзбек тили имлосида эса бундай эмас.
Бу сўзни хотдог, хот дог ёки хот-дог шаклида қаттиқ
х билан ёзиш хатодир. Сўз инглизча, инглизчада
h товуши билан айтилади ва биз бу товушни бемалол айта оламиз. Шу сабабли
ҳ билан ёзиш керак. Бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп.
Энди ажратиб ёзиладиган сўзларга келсак. Интернет провайдер, ҳостинг провайдер, интернет банкинг, онлайн мактаб, онлайн дарс, онлайн мулоқот, веб сайт (ёки вебсайт), веб портал, веб камера, офис менежер каби сўзлар ҳам
ҳеч қандай чизиқчасиз ёзилади. Чунки сўз бирикмасидаги биринчи сўз кейингисини сифатлаб келяпти ва
қандай сўроғига жавоб бўляпти:
қандай провайдер –
интернет провайдер,
қандай мактаб –
онлайн мактаб,
қандай менежер –
офис менежер. Бундай сўзлар орасига чизиқча қўйиш худди
қизил-олма деб ёзишга ўхшайди.
Веб сайт ва веб портал сўзларини шунчаки
веб сўзисиз ишлатган маъқул: сайт ва портал. Улар интернет тармоғига тегишли эканини шу ҳолида ҳам ифодалай олади.
Қуйида юқоридаги сўзларнинг аслияти, ўзбекча ва русчадаги имлоси акс этган жадвал билан танишасиз.
@oriftolib