Ҳ товушли ўзлашма сўзлар имлоси
Ўзлашма сўз бошқа тилдан кирган сўздир.
Тил ички ва ташқи манбалар ҳисобига бойийди. Ташқи манба – бошқа тиллар. Бошқа тилдан сўз кириши ҳар доим ҳам бойиш бўлмайди, баъзида камбағаллашиш ҳам бўлиши мумкин. Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. Мавзу бошқа тиллардан кириб келган сўзларнинг имлоси ҳақида.
Замонавий ўзбек тили XX асрда шаклланди. Бу даврда унга рус тилининг таъсири ўта кучли бўлди. Имло қоидалари ҳам рус тили имлосига тақлидан яратилди. Бироқ, тан олиш керак, рус тили имлоси етарлича ишланган, сайқал берилган. Унинг ютуқларини олиш, ўзлаштириш айб эмас.
Имло тил учун хизмат қилиши керак, тил имло учун эмас. Ҳар қандай имло қоидасидан мақсад сўз ёки фикрни тўкис ифодалаш бўлиши зарур.
Имло қоидаларимизда, тўғрироғи, одатларимизда рус тили таъсирида шаклланган, қутулиш керак бўлган, ўзбекчага бегона жиҳатлар бор. Жумладан,
ҳ товушли чет сўзларни ўзлаштиришда бу яққол кўринади. Рус тилида юмшоқ
ҳ товуши йўқ, руслар ҳ товушини талаффуз қилолмайди ва унинг ўрнига
г деб айтади. Аммо бу нуқсон эмас. Тил хусусияти шундай. Тил ўзида бўлмаган товуш(лар)ни ўзига мослаб, ўзи эшитган ва тушунгандай ифодалайди. Бу – тилнинг мустақиллик ҳуқуқи. Ўзбек тилида эса
ҳ товуши бор, уни талаффуз эта оламиз. Бироқ ўтган асрда ўзлашма сўзлар рус тили орқали олингани учун биз уларни руслар қандай талаффуз қилса, шундайлигича олдик.
Мустақиллик арафасида ва ундан кейин аслиятга мос шаклда ўзлаштиришлар, аслиятга мос шаклда ёзишлар истеъмолга кирди. Лекин тўлиқ эмас. Қулоқ ўрганган, қонга сингиб кетган сўзларни бошқача талаффуз қилишга, ёзишга ўрганиш осон эмас. Бу баъзида кулгили, баъзида беҳуда қайсарлик, гоҳида эса олифталикдек туюлиши мумкин. Масалан,
гидро- сўзини
ҳидро-, гибрид сўзини
ҳибрит деб айтиш ё ёзишни тасаввур қилиб кўринг.
Ўтган ўттиз йиллик вақт мобайнида асосан атоқли отлар ва жой номларини аслиятга мос ёзишга нисбатан кўника олдик. Масалан, Ҳумболт, Ҳюго кабилар.
Хўш, қайси йўл тўғри? Қайси бирини қўллаш керак? Бу борада аниқ бир қоида йўқ. Шахсий танловга кўра қўлланади. Менинг шахсий танловим эса, оммалашиб кетган, ҳамма ўрганган сўзларнинг амалдаги имлосини тақиқламаслик, аммо иложи борича аслиятга мос ёзиш. Яъни
Гитлер деб ёзган кишини қораламаслик, лекин
Ҳитлер деб ёзиш.
Ҳ товуши қатнашган унча машҳур бўлмаган ва янги ўзлашма сўзларни фақат
ҳ билан ёзиш.
Бу билан нима ўзгаради? Осмон узилиб ерга тушадими? Йўқ, лекин тил мустақиллиги сари кичик бир қадам ташланади.
@oriftolib