View in Telegram
-б, -иб: вергул керакми ёки йўқ? Гапда -(и)б қўшимчаси билан ясалган равишдошлардан сўнг кўпинча вергул қўйилади. Лекин ҳар доим ҳам эмас. Амалиётда равишдошлардан сўнг ўрни бўлса-бўлмаса вергул қўявериш кўп учрайди. Хўш, қачон вергул қўйиш керак? Равишдош ва ундан кейин келаётган феъл алоҳида-алоҳида, кетма-кет ёки бирдан ортиқ ҳаракат-ҳолатни ифодаласа, вергул ишлатилади: Сигирларни ким суғориб, қўйларга ким ем беради? 👉 Бу жумлада икки хил, алоҳида-алоҳида ҳаракат ифодаланяпти ва улар вергул билан ажратиляпти. Сирож эгма кўприкдан ўтиб, кўл ўртасидаги чойхонага кирди. С. Зуннунова, Одамлар орасида. 👉 Бу гапда кетма-кет ҳаракат ифодаланган. Сирож олдин кўприкдан ўтган, кейин чойхонага кирган. Бозорқул бундай пайтларда бош эгиб, хомуш ўтирарди. А. Мухтор, Чинор 👉 Бу гапда бирдан ортиқ ҳаракат-ҳолат бор, худди уюшиқ бўлаклардаги каби бу ўринда ҳам вергул қўйиш ўринли. Хўш, қачон вергул қўйилмайди? Агар биттагина ҳаракат ифодаланса, равишдош шу ҳаракатни сифатласа, вергул керак эмас: Тайёр фотосуратдан фойдаланиб расм чизамиз. 👉 Бу гапда иш-ҳаракат битта: расм чизиш. Фойдаланиб сўзи қандай ҳолатда?, қай шаклда? сўроғига жавоб бўляпти. Бу ерда бирдан ортиқ ҳаракат ифодаланмагани учун вергул керак эмас. У кулиб гапирди. 👉 Бу гапда кулиб сўзи гапириш ҳолатини акс эттиряпти, унга мазмунан боғлиқ. Шу сабабли вергул керак эмас. Арзимас гапдан фиғони фалакка чиқиб кетганини қаранг! 👉 Бу жумлада фиғони фалакка чиқиб бирикмаси ибора бўлгани учун вергул талаб қилмайди. Турғун бирикмалар яхлит шаклда маъно касб этгани учун улар худди бир сўз каби қабул қилинади. Равишдош шаклида бўлса-да, вергул талаб қилмайдиган баъзи сўз ва иборалар бор. Лекин уларнинг вазифаси ва мазмунига эътибор бермаслик оқибатида хатоларга йўл қўямиз. Насиб қилса, улар ҳақида алоҳида ёзаман. @oriftolib
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily