ПИАНИСТ
(Баллада)
Оппоқ рояль ва муҳташам зал.
Ҳаяжоннинг безаклари жам.
Титроқ ўйнар саҳнани ўпган
Кўйлагимнинг этакларида.
Минг кўзнайза нишонида – мен,
Нафасларим борар қисилиб.
Ва чалишни бошлайман Бетховеннинг
14-сонатасини.
Илк аккорд ва клавиш доми
Нозик бармоқларим чўза бошлайди.
Юрак ритми:
сол-до-ми, сол-до-ми...
Ўн бармоқ – ўн ғаввос оқ-қора
Денгиз аро суза бошлайди...
Рўпарамда клавир – нота,
Ноталарки қора томчилар.
Куй йиғлайди клавишларга
Бармоқларим бўлиб томчилаб.
Бирдан ўзни йўқотиб қўйдим,
Қўлларим чалаверар менсиз ҳам.
Руҳим дайдиб қўним топар сўнг
Ўтмиш. Вена.
Ва тор хонада.
Мана
Топилмаган партитуралар,
Чанг юкидан ётар инграниб.
Ўргимчак тўрлари қучоқлаб ётар
Создан тушган пианинони.
Унутилган пианинони.
Инларида тебраниб куйга
Ўргимчаклар тинглар исиниб.
Бармоқларимла ўпаман Бетховеннинг
14-сонатасини.
Куй авжига келар. Ё Худо
Кўзёш келар бутун танимни босиб.
Куй авжида нимжон бармоқларимга
Куч қаердан келяпти оқиб.
О Бетховен! Даҳойим менинг,
Кар қулоққа дардни опичлаб
Яралган шу оҳанг домига
Кўзёшларим билан томчила-аб
чўкиб кетгум.
Янграйман энди,
Энди мени шу денгиз чалар.
Беҳос. ..
Қарсак қармоқларила
Тортиб олади қарсакчилар.
Оппоқ рояль ва муҳташам зал...
@Nozima_Habibullayeva