View in Telegram
*** Она, об-ҳавога дўнди йилларим Хотирамни уради яшин. Бўғзимда чақади момақалдироқ Кўзимга бир олов, бирда сув ташир. Уйимизнинг тили бўлса, бўларди китоб. Ўзи ўйнаб, ўзи йиғлаб, ўзи юпатгувчи китоб. Соғинчларим айлайди хитоб, Деворда оёғидан осилган рубоб, томирлари отамнинг етимлик йилларида ва рўзғорнинг авжида узилган рубоб... Отам хониш қилса шашқатор бўларди шашмақом, Тебрани-иб тебраниб йиғлар эди шам. Суратлар чизардик мафтункор бирам, Дунёнинг рангидан кўп эди қувончларимиз. Энг муҳими тўқ мусаффо эди кўзларимиз. Сиз айтган эртаклар каби мусаффо... “Мусаффо” кунларнинг бирида Отам мусофирга кетган маҳали, Укам билан “сариқ” бўлгандик ёмон. Дўхтирга, дорига пул йўқ шекилли Жўҳори попугин қайнатиб бергач Кўйимизга боқиб, Сизнингда рангингиз бўлганди сомон. Сариқ рангни шундай англайман ҳамон. Отам ватанини севарди жуда. Унутмаслик учун уни сафарда Баҳор ифорини кўтариб бошга Дўпписин остида кетди авайлаб. Тўрт фасл ортидан қайтди саҳарда Оппоқ дўппи бўлиб сочлари... Бошидан, кўнглидан не ўтса ўтди. Чизмай қўйди, чалмай қўйди, айтмай қўйди... Сўнг алам устида айтдим, онажон: Отамни ватани унутди! Соғинч шеърлар ёздим қучиб рубобни, Укам қўшиқ айтди отамнинг овозида. Отам дала чопди, Сиз орзу ёпдингиз. Қамаша бошлади дунёнинг ранги. Ишончим – рубобнинг торлари эди. Шунда ҳам чаляпман дилда борини. Аммо, Келажак кўзига тик боқай деса Ватан унутмасин Оталарини! ____ @Nozima_Habibullayeva
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily