ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
УЙИНГ ҚАЙДА?
Кел эй, жонимга жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?
Кел эй, дардимга дармоним, уйинг қайда, уйинг қайда?
Ўзинг манзурсану нозир, ўзинг пинҳону ҳам ҳозир,
Сен эй, пайдою пинҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?
Мени маҳжур этурсан ёр, ғам ичра йиғлаюрсан зор,
Сен эй, сен моҳитобоним, уйинг қайда, уйинг қайда?
Ўзинг жонсан, ўзинг жонон, ўзинг ҳусн аҳлига султон,
Сени дерман, сени жоним, уйинг қайда, уйинг қайда?
Мусалсал зулфларинг, ҳайҳот, дилимни айлади барбод,
Ўзинг шоҳ бирла султоним, уйинг қайда, уйинг қайда?
Кел эй, сен Шамси Табрезий, тун оқшом ё саҳар кези,
Даф айла фитна бурҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?
Қара, арш томига кетдим, сенинг завқинг ҳадис этдим,
Ўзинг жон бирла жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?
ИЗОҲЛАР:
Мусалсал (араб.) – занжир-занжир, ҳалқа-ҳалқа соч.
Бурҳон (араб.) – далил, ҳужжат, гувоҳ.
Сирожиддин Саййид таржимаси