КУТИЛМАГАН КУЗ
Юлдуз бунча узоқ, бунчалар хира,
Тутундан қорайган дарахтлар юзи.
Кириб келаяпти тап тортмай сира,
Кимнинг илк, кимнингдир охирги кузи.
Деразалар очиқ, парда сурилган,
Илҳақ ахтараман сомон йўлини.
Дунё деганлари ажиб қурилган,
Силайман бўғзимда турган қўлини.
Аллақачон тинган булбул хониши,
Чирилдоқлар ўчган чироқдек тим-тирс.
Кўнгилни иситмас асад ёниши,
Кириб келаяпти кутилмаган куз.
Кўзларингга ботар ойсиз тун оғир,
Киприкларинг мудрар жажжи қушлардай.
Билмадим нимадан юрагинг оғрир,
Нега ошиқасан билмам тушларга.
Деразалар очиқ, боролмам учиб,
Гўёки тутқунман, гўёки маҳбус.
Менинг баҳоримни оҳиста қучиб,
Қўйнига кирмоқда буқаламун куз.
Тунни тилиб борар поезд шовқини –
Гўё сукунатга дўқ уриб, койиб.
Унутгим келмайди кўклам шавқини –
Жума, ўнинчи кун, Сунбула ойи.
Воҳид Луқмон