Фавворалар тинган, ўриндиқлар бўш,
Мажнунтоллар кетган қайгадир дайдиб.
Ортимдан эргашар синиқ ёмғирпўш,
Барглар шитирлайди исмингни айтиб.
Оғир тортиб қолган автолар гўё,
Бекатлар мунглидек кўринар кўзга.
Сени кутавериб сарғайдимми ё,
Ва ё айландимми сен севган кузга?!
Сен эса қайдадир – бошқа бекатда
Турибсан заъфарон ўйлардан холи.
Гўёки ям-яшил барглар қатида
Ярақлаётган бир япроқ мисоли.
Фавворалар тинган, ўриндиқлар бўш,
Изғирин тортқилаб тўкар оҳорим.
Ортимдан эргашар синиқ ёмғирпўш,
Қайси бекатдасан менинг баҳорим?!
@mujdauz