1000КИТОБ лойиҳасининг биринчи (2024) йили учун 20 млрд сўм ажратилган эди. Назаримда, бу давлатимизнинг сўнгги йилларда маърифий соҳага қилган энг яхши, энг мазмунли, энг самарали инвестициялардан бири бўлди. Чунки бу лойиҳа бир йилда шунчаки 50 та янги китобни таржима қилиб қўйгани йўқ
(менимча, тарихимизда ҳеч қачон бир йилда шунча илмий-оммабоп китоб оригинал тилидан ўзбекчага ўгирилмаган бўлса керак), балки ўзбек таржима мактабини қайта тиклаяпти, таржимон ва муҳаррирларнинг янги авлоди ва қатламини шакллантиряпти, қотиб қолган илмий-оммабоп ўзбек тилини ҳаракатга келтиряпти, катта буюртма билан чалажон ноширлик бозоримизни жонлантиряпти. Бу ҳали “қўл билан ушлаб кўрса бўладиган” самаралар. “Майда-чуйда”, лекин аслида катта аҳамиятга эга бўлган бошқа самаралари бундан ҳам кўп. Энг қизиғи, бу самараларнинг бирортасига маъмурий йўл билан эришилгани йўқ, ҳаммаси табиий (шундай бўлиши ҳам керак асли). Оддий қилиб айтганда,
1000КИТОБ лойиҳасининг келтираётган ва келтирадиган нафи унга бир йилда сарфланиши мумкин бўлган 20 млрд сўмдан анча кўп; 1000КИТОБ ҳозирги Ўзбекистон учун энг керакли лойиҳалардан бири.
2023 йили
биринчи қарор чиққанида, мен бу лойиҳага энди ҳар йили камида 20 млрд сўмдан ажратилар экан, деб тушунгандим. Худди “Заковат” лойиҳасига ҳар йили кафолатланган 50 млрд сўм берилганидек. Лекин 2025 йилги Давлат бюджетидан 1000КИТОБ учун 12 млрд
ажратилибди. Умуман пул ажратилмай, лойиҳа тўхтаб қолганидан кўра шу ҳам яхши, албатта. Лекин мен шу лойиҳани озми-кўпми билган, унинг самараларини ўз кўзи билан кўрган ва улардан фойдаланган, шунингдек, ўзбек тилида ўн йиллар оша яшайдиган ва келгусида бошқа янги китобларга асос, бошланғич нуқта бўла оладиган сифатли адабиётлар янада кўпайишини чин кўнгилдан хоҳлаган бир ўзбекистонлик сифатида, хусусан, менинг ҳам жуда кичик бўлса-да ҳиссам қўшилган
Давлат бюджетидан 1000КИТОБ каби чинакамига фойдали маърифий лойиҳаларга ҳар йили кафолатланган, ўтган йилгисидан кам бўлмаган маблағ ажратилишини хоҳлардим (ҳар сафар инфляция даражасидан келиб чиқиб индексация қилиб берилса, яна яхши).
Токи, лойиҳа ташаббускорларида ҳам, қатнашчиларида ҳам, унинг самараларидан фойдаланадиган ўзбекистонликларда ҳам “бу лойиҳа келаси йили ҳам кўнгилдагидек, сифатли давом этадими?” деган хавотир, мавҳумлик бўлмасин. Хавотирсиз ижод самарали ва таъсирли бўлади.