Фарғонадаги портлаш
Ижтимоий тармоқларда кечадан бери фарғоналик бир она ва унинг икки ўғли Фарғона шаҳридаги “Сирпўш ота” қабристонига қўйилиши ҳақидаги бир фотохабар айланиб юрибди. Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, улар шаҳардаги заправкаларнинг бирида 17 декабрь юз берган портлашлар ва ёнғин қурбонлари экан.
Ҳозиргача расман 4 кишининг ўлими расман тасдиқланди. Аммо бу тўрт қурбоннинг на жинси, на ёши очиқланган. Ижтимоий тармоқларда қурбонлар сони расмийлар айтаётганидан кўпроқ экани ҳақида тинмай ёзишяпти, бундай гаплар маҳаллий ва хорижий ОАВда ҳам чиқди. Аммо расмийлар ҳозирча буни на тасдиқлади, на рад этди. Ҳодиса оқибатида вафот этганларнинг яқинларига ва тан жароҳати олганларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани, шунингдек, компенсация масаласида ҳам, афтидан, ҳали гап йўқ.
Бунақа ҳодисалардан кейин, одатда, ҳукумат комиссиялари тузиларди. Шундай комиссиялар, масалан, ҳодиса оқибатида етказилган зарарнинг дастлабки миқдорини ҳам айтарди. Ҳодиса жойидан тарқалган фото ва видеоларда ёнаётган ва зарар кўрган машиналар бор эди, уй-жойлар, дўконларга зарар етганди. Уларнинг ҳам қандайдир ҳисоби бўлади-ку – шу маълумотлар ҳам, шунингдек, зарар кўрганларга етказилган зарар қандай қопланиши ҳам айтилгани йўқ.
Шунингдек, айнан шундай комиссиялар қурбонлар ва жароҳатланганлар сони кўп бўлиши сабабларни ҳам айтарди. Масалан, бундай маҳалла-мавзе ичида заправка қуриб бўлмаслиги, бензин сотувчи заправка билан газ-заправка бир жойда бўлиши мумкин эмаслиги, шундай қоидалар бузилгани ҳақида ҳозир
жамоатчилик гапиряпти. Расмий манбалар ҳам шундай маълумотлар бериши, қандай қилиб маҳалла ичида бундай газ-заправка пайдо бўлиб қолганини тушунтириши мақсадга мувофиқ бўларди.
Бугун чиққан яна бир гап – портлаш бўлган заправкани таг-туги билан бузиб ташлашганмиш. Очиғи, мен тергов-суриштирув жараёнлари қандай бўлишини яхши билмайману, лекин ҳодиса сабаблари аниқлангунича “жиноят жойи”даги ҳеч нарсага тегилмай туриларди, шекилли. Балки ҳодиса сабаблари аниқлаб бўлингани учун бузиб ташлангандир – унда ўша сабабларни жамоатчиликка ҳам очиқлаш керак.
Маълумотларни очиқлаш керак.
UPD. Заправка таг-туги билан бузиб ташланмабди, ҳали жойида турибди экан. Ноаниқ маълумот берганим учун узр сўрайман.