Тошкентда Yandex Cup 2024 чемпионатининг финали бўлиб ўтди
Куни кеча Тошкентда дастурлаш бўйича йирик халқаро мусобақалардан бири – Yandex Cup 2024 нинг финали бўлиб ўтди. Унда дунё бўйлаб келган 20 мингдан ортиқ аризалар орасидан саралаб олинган 18 мамлакатнинг 200 дастурчиси баҳслашди. Улар аналитика, фронт-энд ва бэк-энд ишланмалар, мобил технологиялар, машинавий таълим ва спортча дастурлаш каби йўналишларда умумий 1,95 млрд сўмлик мукофот жамғармаси учун беллашди.
Мусобақада Япония, АҚШ, Беларусь, Россия, Буюк Британия ва Португалия жамоалари ғолиб чиқди. Ўзбекистонлик дастурчилар учун эса мазкур тадбир тажриба ошириш бўйича муҳим майдонча бўлди. Умуман, чемпионат дастурчилар ҳамжамиятининг ўзаро тажриба алмашиши учун ўзига хос платформа вазифасини ҳам бажарди.
Тадбир ташкилотчиларининг қайд этишича, “Yandex Cup 2024 мусобақасининг Тошкентда ўтказилгани Ўзбекистоннинг технология ва инновациялар соҳасидаги салоҳияти юксалиб бораётганини кўрсатди ва дастурчилар ўртасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди”.