View in Telegram
Mohir Speaks
Кўринди бу кеча гулда муножот, Забони ҳол билан кечди мулоқот. Дедим: “Эй гул, нечун чеҳранг қизилдир?” Деди: “Эй қул, юз изҳори кўнгилдир”. Дедим: “Недан ажаб нозикбадансан?” Деди: “Дил нозик эрса, найласин тан?!”. Дедим: “Жисмингда йўқ ғунчангдаги бўй?” Деди: “Хулқинг оғиздан кўрсатар бўй”. Дедим: “Баргинг яшил эркан, гўзалдир”, Деди: “Орзу-умидлардан масалдир”. Дедим: “Сўлғин кўрингайсан хазонда?” Деди: “Бу ерга ётмоқдан нишон-да”. Дедим: “Ҳосилларингни не қиларсан?” Деди: “Сув ичган ўрнимга тўкарман”. Дедим: “Узмиш гулингни бир неча ёш?” Деди: “То лаб очилди, кетди бу бош!” Дедим: “Борми сенинг бир боғбонинг?” Деди: “Жисминг турарми, йўқса жонинг?” Дедим: “Булбул сенга ошиқ экан кўп?” Деди: “Боғбондир ишқ аҳлига маҳбуб”. Дедим: “Ҳар япроғинг санъат нишони”, Деди: “Ҳар бири боғбон достони”. Дедим: “ Нега боқарсан кўкка доим?” Деди: “Дил талпинар, айтиб “илоҳим”. Дедим: “Қанча қуёшдан баҳравар тан?” Деди: “Ҳар қанча унга юзланарман”. Дедим: “Ёнингда бу ажриққа не бор?” Деди: “Тушса назарлар, айлагай кор”. Дедим: “Нега гўзаллик рамзи сенсан?” Деди: “Доим табассум суннат эркан”. Дедим: “Сен қўлма-қўл халқ ичра доим”, Деди: “Сен ҳам тиконсиз бўл, мулойим”. Дедим: “Эл юзингга мафтун бўларлар?” Деди: “Бадбўй эсам, ташлаб кетарлар”. Дедим: “Эсса шабода тебранарсан?!” Деди: “Гар тебранолмассан, синарсан!” Дедим: “Ари асал олгай гулингдан”. Деди: “Яхши, ёмон бори тилингдан”. Дедим: “Ҳуснингга ошиқлар саноқсиз”, Деди: “Ўткинчи ҳусн ишқ(қ)а яроқсиз”. Дедим: “Қумғоқ нега гул-ғунча очмас?” Деди: “Бебаҳра сув бирлан кўкармас”. Дедим: “Меванг йўғ-у, сен серхаридор?” Деди: “Хушчеҳраликда яхшилик бор”. Дедим: “Жисмингни юлганни нетарсан?” Деди: “Илгин ўпиб, атрим сепарман”. Дедим: Недир ҳаётинг қилди барбод?” Деди: “Барвақт очилмоқ бўлди, ҳайҳот!” Дедим: “Қайдансан-у, сўнг қайга кетмоқ?” Деди: “Туфроғдан-у, туфроққа қайтмоқ”. Дедим: “Бу ўртада шаънингга не бор?” Деди: “Гуллик вазифам қилмоқ изҳор”. Дедим: “Умринг, валекин, унча эрмас”, Деди: “Бир гул бўлишга етмоғи бас”. Дедим: “Энди қачон сен-ла кўришмоқ?” Деди: “Сен-ла кўришмоқ ўрни учмоқ”. Дедим: “Менга насиҳат айла бир дам”, Деди: “Туфроғни ёд эт, ожиз одам!” Дедим: “Менга васият қил, қадрдон”, Деди: “Қуллик вазифанг, ҳазрат инсон!” Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
Share
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily
Start