324-20-модда. Кассация шикоятини (протестини) тўлдириш, ўзгартириш. Шикоятни (протестни) қайтариб олиш
Кассация шикояти берган шахс кассация инстанцияси судининг суд мажлиси бошлангунига қадар уни янги важлар билан тўлдиришга ёки ўзгартиришга ҳақли.
Протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор протестни кассация инстанцияси судининг суд мажлиси бошлангунига қадар тўлдиришга ёки ўзгартиришга ҳақли.
Кассация шикоятига (протестига) ўзгартириш ёки тўлдириш киритишда тегишинча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган, жабрланувчи ёки унинг вакили ёхуд прокурор томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган шахснинг аҳволини ёмонлаштириш тўғрисида масала, агар бундай талаб дастлабки кассация шикоятида (протестида) мавжуд бўлмаса, қўйилиши мумкин эмас.
Кассация шикояти берган шахс уни қайтариб олишга ҳақли. Кассация протестини қайтариб олиш ҳуқуқи протестни киритган прокурорга, шунингдек юқори турувчи прокурорга тегишлидир. Кассация шикоятини (протестини) қайтариб олишга кассация инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киргунига қадар йўл қўйилади.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариб олишда кассация инстанцияси суди ажрим чиқаради ва бу ажрим билан, агар суд қарори устидан бошқа шахслар шикоят қилмаган бўлса, кассация тартибида иш юритишни тугатади.